Интервью

«Kўнглим қолиб кетди». Дурдона Қурбонова шоу-бизнесдан кетиши ҳақида гапирди

Актриса бизнес-леди бўлишни режа қилган

«Kўнглим қолиб кетди». Дурдона Қурбонова шоу-бизнесдан кетиши ҳақида гапирди

Хонанда, актриса Дурдона Қурбонова YouTube’даги «Intervyu Tv» лойиҳасига берган интервьюсида шоу-бизнесни тарк этишини айтди.

Дурдона Қурбонова санъатни тарк этиб, бизнес-леди бўлишни режа қилган. Актриса санъат ва ундаги инсонлардан кўнгли қолиб кетганини таъкидлади. Шунингдек, у кинолар масъулиятсизлик билан суратга олинаётганини ва бу унинг ижодига таъсир қилишини айтди.

«Кейинчалик мени актриса сифатида эмас, яхши бизнес-леди сифатида кўрасиз. Қачондир санъатни тарк этаман. Санъатдан, ундаги одамлардан, у ерда ишлаётганлардан ҳам кўнглим қолиб кетган. Чунки киноларни жуда масъулиятсизлик билан олади. Уларни одамлар кўриб бизга бўлган ҳурмати тўкилади. Қайсидир фильмдан парча қўйилса, шунда ‘бизнинг ўзбеклар кино олишни билмайди’, деган изоҳ бўлади. Ҳар томонлама санъатдан кўнглим қолган. Қачонки, ҳақиқий муслима қиз бўлганимда санъатдан бутунлай чиқиб кетаман», — дейди у.

Аввалроқ Дурдона Қурбонова «Миллион»даги ролига отасининг муносабати қандайлигини айтганди. Дурдона Қурбонова оила аъзолари санъатга тушунишини айтди. Бошқаларнинг фикри эса актрисани қизиқтирмайди. Бироқ Дурдона Қурбонова вақт ўтгач, ўзининг хатоларини кўришни бошлаганини таъкидлади.

«Отам ‘Миллион’даги чиқишимни тўғри қабул қилган. Уйимдагилар санъатни тўғри қабул қилади. Бошқалар қандай қабул қилишига қизиқиб ҳам кўрмаганман. Лекин йиллар ўтиб ўзимнинг хатоларим ўзимга кўринишни бошлади. Тўғрисини айтаман ўша пайтда гапирган гапларимни тушуниб тушунмай гапирганман», — дейди у.

Шунингдек, Дурдона Қурбонованинг роли «Супер келинчак»ка берилгани ҳақидаги миш-мишларга ҳам ойдинлик киритганди. Дурдона Қурбонованинг сўзларига кўра, Даина унинг ролини олиб қўймаган. Актриса «Бой ва нонвой» сериалидаги эпизодларини ўйнаб бўлган. Шу сабаб у сериалда ишламаяпти

«Диана Ягофарова менинг ролимни ўйнамаяпти. У роль мен учун ёзилган. У нарсани бошқа одам ўйнаши жуда катта хато. Чунки у ролни мен ўйнаб бўлганман. Суратга олиш жараёнларидаги менинг эпизодим тугаган. Мен ҳозир у сериалда ишламаяпман», — дейди Дурдона Қурбонова.