Ислом Каримовнинг набираси Марям Тиллаева оиласида бўлган чекловлар ҳақида гапирди — видео
«Дўстларимни уйга олиб келолмасдим», — дейди у
Ислом Каримовнинг невараси, блогер Марям Тиллаева YouTube’даги «Famitime TV» лойиҳасига берган интервьюсида президент оиласида катта бўлгандаги чекловлар ҳақида гапириб берди.
Марям Тиллаева унга одамларга қаттиқ ишонмаслик, қалб эшигини очмаслиги кераклиги ҳамда ҳеч нарсани айтмасликни тайинлашганини айтди. Шунингдек, унга тунда кўчага чиқиш ҳам таъқиқланганини таъкидлади. Блогернинг сўзларига кўра, дўстларини уйига олиб боролмаган. У уйга боришдан олдин дўстлари ота-онасининг текширувидан ўтиши керак бўлганини айтди.
«Ҳамма сендан бирор нарсани хоҳлайди, шунинг учун одамларга қаттиқ ишонмасликни, қалб эшикларини очмасликни, ҳеч нарсани айтмасликни тайинлашар эди. Кечаси ҳеч қаерга бормаслик керак эди. Дўстларимнинг ҳаммасини уйга олиб кела олмаганман, ота-онам уларни текшириши керак эди. Яқинда бир дўстимни кўриб қолдим, Швейцарияда қўшнимиз бўлган, у билан муносабатларимиз яхши эди. Ёшлигимда фақат мактабга ва теннисга борардим, атрофимда ҳам ўқитувчим, қўриқчилар, тренерларим бўлар эди», — дейди Марям.
Аввалроқ Марям Тиллаева бобосининг вафоти куни бўлган ҳодиса ҳақида гапирганди. Марям Тиллаева Тошкентга 2016 йилда бобосининг вафотидан сўнг узоқ муддат келмаган. У Ислом Каримовнинг сўнгги кунларида бувиси, онаси ва ўзи унинг ёнида бўлганини айтди. Oтаси укаси ҳамда синглиси билан Лос-Анжелесда қолган. Инстаблогер шифокорлар Ислом Каримовнинг юраги уришдан тўхтаганини маълум қилганда, улар ўша хона томон югурганини айтди. Марям Тиллаеванинг эслашича, ўша пайти саросимадан бувиси ва онасининг оёғидаги шиппаги ечилиб кетган. У хонага киргач, Ислом Каримовнинг тан соқчилари йиғлаётганини кўрган. Блогер бу ҳолат кўз олдида қолиб кетганини таъкидлаган.
«Тошкентга ярим йил олдин бордим, ундан олдин эса 2016 йилда борган эдим, бобом вафот этганидан кейин бормаганман. Унинг сўнгги кунларида бувим, ойим ва мен ёнларида бўлганмиз. Отам ўшанда укам ҳамда синглим билан Лос-Анжелесда қолганди. Бобомнинг ўлимидан сўнг бир ҳолат кўз ўнгимда қолиб кетган. Шифокор унинг юраги уришдан тўхтаганини айтганида, ҳаммамиз у ётган хонага югурганмиз. Зинадан тушиб борар эканмиз, саросимадан бувим ва онамнинг оёқларидаги шиппаклар отилиб кетган. Мен ўшанда хонага кирганимда бобомнинг ёнида узоқ йиллар бирга бўлган кучли, кап-катта, бақувват эркаклар юракдан йиғлаётганини кўрганман. Бу ҳолат мени қаттиқ таъсирлантирган. Шундан сўнг мен Ўзбекистонга қайтмадим. Бобом билан ўртамизда жуда катта ришта бор эди», — дейди Марям.
Шунингдек, Марям Тиллаева «Халқнинг пули қаерда?» деган саволга жавоб қайтарганди. У пулларини ўзи ишлаб топишини айтган. Блогер ота-онасининг пулидан фойдаланмайди. Марям Тиллаева молиявий имконияти кемаларни ижарага олиш, меҳмонхонада тунашга етадиган инсонлар билан дўстлашишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, шундай имкониятга эга йигит билан учрашади. Блогер бу каби изоҳлар уни ўз устидан назоратини йўқотишига сабаб бўлишини таъкидлади. Шунингдек, Марям Тиллаева даромади ҳақида интервью бергани ва у тез кунда эълон қилинишини айтди.
«Мен ўз пулларимни ўзим ишлаб топаман. Ота-онамнинг пулидан фойдаланмайман. Молиявий имконияти кемаларни ижарага олиш, меҳмонхоналарда тунашга етадиган дўстларим билан биргаликда дам оламан. Балки мана шундай имконияти бор йигитлар билан учрашарман. Бу ўзимнинг устимдан назоратни йўқотишга сабаб бўладиган изоҳлар. Тез орада даромадимни қандай ишлаб топишим ҳақидаги суҳбатим эълон қилинади», — деди Марям Тиллаева.