Интервью

«Фитна қилишди». Рустамхўжа пародист тўйи куни бўлган воқеа ҳақида гапирди — видео

Ўша куни унга махфий ҳисобдан хабар келган

«Фитна қилишди». Рустамхўжа пародист тўйи куни бўлган воқеа ҳақида гапирди — видео

Пародист, актёр Рустамхўжа Усмонов YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида тўйи куни унга фитна қилишгани ҳақида гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, тўйи куни дин уламоларининг гапирган гаплари мазмунидан кесиб олинган ҳолда тарқатилган. Пародист бу разиллик эканини таъкидлади. Ўша куни актёр тўйхонага кириб келиши билан унга Telegram’даги махфий ҳисобдан хабар келган. Унга бир нечта видеолар жўнатилган. Актёр уларда ўзининг юзига қизил чизиқ тортиб қўйилганини кўрган.

«Тўйим куни фитна қилишди. Домлаларнинг гапирган жойини кесиб, тўйим куни тарқатишди. Бу разиллик. Ўша куни Telegram’дан махфий ҳисобдан хабар келди. ‘Сен учун совға. Кутиб ол’, деган мазмунда. Интервьюларимдан бирида домлалар ҳақида 40 дақиқа гапирганман. Шуни ўртасидан кесиб, ёмон гаплар билан бир кечада тарқатиб юборишди. Тўйим куни тўйхонага кириб келишим билан телефонимга хабарлар келди. Очиб қарасам, юзимга қизил чизиқ тортилган видеолар тарқатиб юборилган», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рустам пародист дўсти Бобур билан нега алоқаси узилганини айтганди. Хонанда бунга асосий сабаб тўйлардаги пул билан боғлиқ ҳолатлигини таъкидлади. Бундай воқеалар улар ўртасида бир неча бор содир бўлган. Рустамхўжа Усмонов шундай ҳолатлардан иккитасини айтиб берди. Унинг сўзларига кўра, улар Наманганга Амирхон Умаровнинг холаси қилган тўйга борганида Бобур Рўзиқулов «заклад» учун берилган пулнинг ҳаммасини ўзига олиб қолган. Рустам пародистнинг эса бундан хабари бўлмаган.

«Бу воқеа Наманганда бўлди. Амирхон Умаровнинг холаси тўйга чақирган. Ўша тўйга Бобур билан бирга борганмиз. Биз у ерга тўйдан бир кун олдин бориб, уларнинг уйида қолганмиз. Шаҳар айлантирамиз деб машинада олиб чиқишди. Ўша ерда қўлимга пулимни берди. Бобурникини бермади. Тўй тугагандан кейин ҳам унга пул бермади. Мен Бобур учун улар билан жанжаллашдим. У аёл менга машинада гаплашиб олишни таклиф қилди. Биз Бобурнинг машинасига ўтирдик. Шунда у аёл менга Бобур билан ёзишганларини кўрсатди.

Ёзишмаларда тўй эгаси ‘заклад’ни олдиндан чиқариб юборганини айтган. У эса аёлдан бу ҳақда менга айтмасликни сўраган. Бобур пулни ўзига олиб қолган. Аёлнинг қўлида тилла соати бор экан. Ўшани ечиб, Бобурнинг олдига отиб юборди. Шунда мен ‘Ҳозир қўнғироқ қилиб, уйимдан тиллани ўғирлаб кетди деса, нима қиласан? Тилла соатнинг ҳужжати бўлади. Сенга қўшилиб мен ҳам арзон фоҳишаларга ўхшаб қамоқда ўтирмай’, дедим. Шундай деганимдан кейин у тушунди. Мен Наманганга унинг машинасида борганман. Шунинг учун бирга қайтиб келдик. Бундан кейин Чустда ҳам шундай воқеа бўлди», — дейди Рустамхўжа Усмонов.

Шунингдек, актёр Бобур пародист ҳақидаги ҳақиқатни ошкор қилган. Улар Рамазон ойида зиёрат қилиш учун Самарқанддаги Ҳазрат Довуд зиёратгоҳига борган. Зиёратга борадиганлар орасида Рустамхўжа ва Бобурдан ташқари уларнинг танишлари ва Бобур порадистнинг онаси ҳамда шогирдлари бўлган. Улар зиёрат учун йўлга чиқишдан олдин Чинозда балиқ ейиш учун тўхтаган. Рустамхўжанинг сўзларига кўра, шунда Бобур пародист 5 киши учун 150 минг сўм пул берган. Ўша даврадаги бир аёл қолган пулни ўзи қўшишини айтган.

Рустамхўжа Усмоновнинг сўзларига кўра, зиёрат давомида бундан ташқари бир неча марта шу каби ҳолатлар такрорланган. Улар Тошкентга қайтгач, Бобур пародист Telegram’даги гуруҳга ёзган бироқ унга ҳеч ким жавоб қайтармаган. Шундан сўнг у гуруҳдан чиқиб кетган ва ўша гуруҳ аъзоларини қора рўйхатга қўшиб қўйган. Рустамхўжа Усмонов шундан кейин ҳамкасби билан гаплашмаганини таъкидлади. У ҳамкасбининг камера қаршисида кўзини пирпиратмасдан ёлғон гапирганидан жаҳли чиққанини айтди.