Интервью

Феруза Собитова марҳум отаси билан алоқаси нега яхши бўлмаганини очиқлади — видео

Актрисанинг отаси 2009 йилда вафот этган

Феруза Собитова марҳум отаси билан алоқаси нега яхши бўлмаганини очиқлади — видео

Актриса Феруза Собитова YouTube’даги «Chotki Tv» лойиҳасига берган интервьюсида отаси билан алоқаси яхши бўлмагани ҳақида гапириб берди.

Унинг отаси 2009 йилда инсульт оқибатида вафот этган. Актриса отаси оддий ва кўнгли очиқ инсон бўлганинин таъкидлади. Феруза Собитова ўқишга киришни истаган, бироқ отаси бунга қарши бўлган. Актрисанинг отаси қизи турмушга чиқиб, чиройли оиланинг бекаси бўлишини истаган. Шу сабабли уларнинг орасида келишмовчилик юзага келган. Феруза Собитова ўша вақтда отаси билан гаплашмай қўйган. Актриса бу ишидан пушаймонлигини ҳам таъкидлаган.

«Отам 2009 йилда вафот этди. Эркак киши кўп сиқилади. Сиқилган пайти ичига олади. Шундан инсульт бўлди. Отам оддий инсон бўлган. Велосипед ҳайдарди. Исми Жўра эди. Жуда кўнгли очиқ, кўк кўзли инсон эди. ‘Қизим, кетма. Биз билан қол’, дерди. Шунда ‘Менга бир имкон беринг. Агар ўқишга киролмасам, қайтиб келаман ва мени турмушга берасиз’, деганман. Отам бошида қаттиққўллик қилди. Мени руҳан қийнади. Ўша пайти уни тушунмаганман ва гаплашмай қўйганман.

Ҳар ўқишдан қайтганимда, пул ҳам, маҳсулот ҳам бермасди. Менимча, ўша пайти отам ‘Қийналса, қайтиб келади’, деб ўйлаган. Қайтиб келишимни хоҳлагани учун шу ишни қилган. Отам ажрашишимга ҳам қарши бўлган. ‘Бу менинг ҳаётим. Аралашманг. Сиз турмушга чиқишимни хоҳлаганингиз учун шундай қилдим’, деганман. Орадан вақт ўтиб, ҳамма қилган иши учун пушаймон бўлади. Отам билан кўп бора бир-биримизни тушунмадик. Мен қиз бўла бўлганим учун у менинг турмушга чиқиб, чиройли оиланинг бекаси бўлишимни хоҳлаган. Отам шу кунларни кўрмаганига афсусдаман. Ҳозир мен билан фаҳрланиб юрарди», — дейди актриса.