Интервью

Феруза Собитова эри билан нега ажрашганини маълум қилди — видео

«Бу табиий ҳол», — дейди у

Феруза Собитова эри билан нега ажрашганини маълум қилди — видео

Актриса Феруза Собитова YouTube’даги «Chotki Tv» лойиҳасига берган интервьюсида ажрашишига нима сабаб бўлганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, икки бегона инсон оила қурганда орада тушунмовчиликлар бўлиши табиий ҳол. Актриса оила бузилишида 90 фоиз аёллар сабабчи бўлишини айтди. Феруза Собитова ўша вақтда эрини тушунмаган, ундан ёрдам беришини талаб қилган. Улар ўша вазиятда бир-бирини тушунмаган. Бироқ актриса бу нарсадан пушаймон бўлиш ҳам фойда бермаслигини таъкидлади.

«Икки бегона одам битта оила қуради. Уларнинг ҳарактерида бир-бирига тўғри келмайдиган томонлари бор. Бу табиий ҳол. Шунинг учун фарзандларимизни сабрли қилиб тарбиялаш керак. Оилада севгидан кўра бир-бирини ҳурмат қилиш ва тушуниш муҳим. Чунки эркакларда йиқилиш ва пулсиз қолиш ҳолатлари бўлади. Агар аёл киши оилада яхши тарбия олган бўлса, эрини қўллаб-қувватлаши керак. 90 фоиз оила бузилишида аёл киши сабабчи бўлади. Чунки унинг зиммасида кўп нарса юкланади. Ўша пайтда мен уни тушунмадим. Ундан ёрдам беришини талаб қилдим. Хуллас, бир-биримизни тушунмадик деб ўйлайман. Ҳозирги кунда бундан пушаймон бўлишдан фойда йўқ. Тақдирни қабул қилиб яшаш керак», — дейди у.

Актрисанинг таъкидлашича, уларнинг ажримига касби сабаб бўлган. Улар совчи орқали танишиб, оила қурган. Феруза Собитова ҳозирги ақли бўлганда, касбини танламаган бўлишини айтди. Актриса ҳозирги ёш ҳамкасбларига карьерани оиладан устун қўймасликка чақиради. У санъатда ҳақиқат йўқлигини таъкидлади.

«Ажралишимизга менинг касбим сабаб бўлди. Биз совчи орқали турмуш қурганмиз. Севги кейин бўлди. Ажрим ўзидан-ўзидан бўлиб кетди. Чунки ўша пайтда касбга интилиш бор эди. Шунинг учун санъат йўлини танлаган ёш қизларга ҳар доим ‘Қизлар, биринчи карьера қилиб кейин турмушга чиқаман деманг. Биринчи оила қуринг. Агар оила зўр бўлса, шундан яхши нарса йўқ’, дейман. Санъатда ҳақиқат йўқ. Ҳозирги ақлим бўлганда бу йўлни танламасдим», — дейди актриса.