Интервью

Фаррух Раимов илк бор Хамдам Собиров билан ораси бузилиши сабабини ошкор қилди

«Кўрмаганнинг кўргани қурсин», — дейди хонанда

Фаррух Раимов илк бор Хамдам Собиров билан ораси бузилиши сабабини ошкор қилди

Хонанда Фаррух Раимов «Mashhurlar» кўрсатувига берган интервьюсида Ҳамдам Собиров билан дўст бўлган вақтига ачиниши ҳақида гапирди.

Улар ёшликдан дўст бўлган. Вақти келганда Фаррух Раимов ўзи емай, киймай дўстига берганини айтди. Унинг таъкидлашича, дўст бўлган вақти ва берган меҳрига ачинади. Хонанда уларнинг ўртасида ёшликдаги дўстлик йўқлигини айтди. Ижодкорларнинг муносабатини орадаги одамлар бузган.

«Ҳақиқатан ҳам ёшилигимдан бирга ўсган дўстим. Жойи келса ўзим емасам ҳам, киймасам ҳам, унга берганман, керак бўлса ота-онамга ҳам қарши чиққанман. Берган меҳримга ва дўст бўлган вақтимга ачинаман. У 500 минг долларлик машина минадими ёки шаҳарнинг ярмини сотиб олиб, миллиардер бўлиб кетадими, майли. Ёшликдаги дўстлик йўқ. Орадаги одамлар барибир муносабатларни бузар экан. Ҳозир ундан ҳам, бошқасидан ҳам хафа эмасман», — дейди у.

Фаррух Раимовнинг сўзларига кўра, дўстлик бузлишига Ҳамдам Собировнинг оиласи сабабчи бўлган. Хонанда дўстидан кибри сабаб хафа бўлган. Улар бир неча марта кўришиб, гаплашиб олмоқчи бўлган. Бироқ Фаррух Раимов ўзининг дили оғригани ва Ҳамдам Собиров буни чин дилдан хоҳламагани учун яраша олмаганини айтди.

«Ҳамдам билан дўстлигимизнинг бузилишига оила сабабчи бўлган. Буни ўзи хоҳлади, ўртада ҳеч қанақа уруш бўлгани йўқ. Бир нарсани айтишим керак, мен Ҳамдамдан кибри учун хафа бўлганман. Лекин бу ишни менга қилмаган, иккита ўртоғимга қилган, кимлигини Аллоҳ билади. У келиб кўришмоқчи ҳам, ярашмоқчи ҳам бўлди, лекин юракдан хоҳламади. Кимлардир қаергадир чақирди, бормадим, жойи келганда бир жойда кўришиб қолдик. Бўлмади, сабаби бу кўнгилни оғритади. Бошқа дўстларим билан уришсам ҳам, майли, бир-икки йил бўлган бўлса ҳеч нарса эмас. У билан битта олийгоҳда, коллежда бирга ўқиганмиз. Иккаламиз институтга имтиҳон бўлишидан икки кун олдин Навоийдан автобусга бирга ўтириб келганмиз. Ҳеч нарсамиз, уйимиз йўқ бўлган, тўғри институтга борганмиз. Тўғриси, қанча қийинчилик бўлган бўлса, бирга ёнма-ён турганман. Жуда кўп меҳр бериб юборган эканман», — дея таъкидлади у.

Ҳамдам Собиров дўстига у билан дўст бўлолмаслигини айтган. Фаррух Раимов бунинг сабабини сўраганда жавоб бермаган. Бироз вақт ўтгач, Ҳамдам Собиров нотўғри қилганини тан олиб, дўстидан узр сўраган лекин кейинроқ яна оралари бузилган.

«Мен берган меҳрни у қабул қила олмагандир балки. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, ҳозир ҳамма бир ўзим бўлай дейди, у ҳам шунақа дегандир. Майли, тўйиб олсин. Қанақа воқеа бўлишидан қатъи назар мени эшитарди, балки у ўзини эшитишларини хоҳлагандир ёки оиласидагилар гаплашмайсан, дегандир. Мен билмайман. Келиб, юзимга сен билан дўст бўлолмас эканман, бошқа одамлар билан дўст бўлишим керак экан, деб айтган. Нимага, деб сўрасам жавоб бермади. Бир куни келди, ўша пайтда йигирма кун гаплашмай кетганмиз, қаердасан, тез сен билан кўришмасам бўлмайди деди, келиб қучоқлашиб кўришди, нотўғри қилибман деди, ҳаммаси яхши бўлганида яна йўқолиб қолди. Қанақа тушуниш керак, билмадим. Майли, тақдир шунақа экан, унинг йўли бошқа, меники бошқа. Омадини берсин, унга нисбатан ҳеч қандай ғаразлигим йўқ. Кун келиб тушунар балки», — дейди у.