Интервью

Бобур пародист Юлдуз Усмонова билан урушиб қолишига ким сабабчи бўлганини айтди — видео

«Мени гиж-гижлаган», — дейди у

Бобур пародист Юлдуз Усмонова билан урушиб қолишига ким сабабчи бўлганини айтди — видео

Пародист Бобур Рўзиқулов YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида Юлдуз Усмонова билан урушиб қолишига ким сабабчи бўлганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бунга ҳамкасби Рустам пародист сабабчи бўлган. Олдин уларнинг муносабати яхши бўлган. Бироқ Бобур Рўзиқулов ҳозирда ҳамкасби билан алоқаси йўқлигини таъкидлади. Пародист Юлдуз Усмонова уларни танқид қилгач, Рустам уни хонандага қарши гиж-гижлаганини айтди. Шундан сўнг Бобур Рўзиқуловнинг онаси Юлдуз Усмоновага мурожаат билан чиққан. Видеомурожаатни кўргач, хонанда пародистни ёнига чақирган ва айтган гаплари Рустамга тегишли бўлганини таъкидлаб ўтган. Бобур Рўзиқуловнинг айтишича, Рустам билан унинг ўртасида «деди-деди» кўп. Шу сабабли улар урушиб қолган.

«Ҳозирги пайтда Рустам билан алоқам йўқ. Мен дўст деб биладиган инсонларим орқамдан пичоқ урса, ёмон кўраман. Мен бу ҳаётда ҳамма нарсага ўзим эришдим. Ота-онам санъатга киришимга қаршилик билдирган. Юлдуз Усмонова Рустамга бир иш айтган. У эса хўп деб туриб, бу ишни қилмаган. Юлдуз опамнинг шундан жаҳли чиққан. Юлдуз Усмонова мени Рустам билан турк ресторанида ўтирганимизни кўрган ва гапирган. У асосий гапни Рустамга айтган. Унинг ёнида бўлганим учун менга айтган. Шунда Рустам келиб, сени ҳам айтган деган ва онамни мурожаат билан чиқишга кўндирган. Онамнинг ҳам Юлдуз опанинг гапидан жаҳли чиққанди.

Онамнинг видеоси чиққандан кейин Юлдуз Усмонова мени олдига чақирди. Ундан хафа бўлмаслигимни сўради. Ҳамма нарсани тўғри тушунтирди. Юлдуз Усмонованинг ўзи ҳам мен ҳақимда гапирмаганини айтди. Юлдуз опанинг мен уни пародия қилишимга умуман қаршилиги йўқ. Мансур ака ҳам менга қўнғироқ қилди. ‘Онанг нотўғри тушунибди. Юлдуз опанг сен ҳақингда гапирмаган. У сени яхши кўради. У ерда Рустамга урғу берилган’, деди. Рустам ўша пайтда мени гиж-гижлаганди. Ўша пайтда Юлдуз опа менга ‘У болага менинг уйимнинг эшиги ёпиқ. Сен кел лекин агар сен яна унинг олдида юрадиган бўлсанг, сени ҳам уйимга киритмайман’, деди. Хуллас, Рустам билан орамизда ‘деди-деди’ кўп бўлган. У яхши пародиячи», — дейди Бобур Рўзиқулов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бобур пародист ижодига рафиқасининг муносабати қандайлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, биринчи турмуш ўртоғи бошидан унинг фаолияти қандайлигини билган ва қўллаб-қувватлаган. Пародист уни ҳозир ҳам ҳурмат қилиши ва дўст сифатида яхши кўришини таъкидлаган. У ҳозирда иккинчи бор оила қуриш арафасидалигини ҳам яширмади. Бобур Рўзиқулов бўлажак турмуш ўртоғи жуда яхшилигини айтиб ўтган.

«Фаолиятимни бошидан билган. У мени қўллаб-қувватлаган. Севишиб турмуш қурганмиз лекин ҳозир биринчи турмушим билан ажрашганман. Уни ҳурмат қиламан ва дўст сифатида яхши кўраман. Биринчи турмушимдан фарзандим бор. Самира қизим 7 ёш. Ҳалигача унга ёрдам керак бўлса, бераман. Бўлажак турмуш ўртоғим жуда ҳам яхши. У билан ҳали энди тўй қиламиз. Лекин Иймонага тўй қилмасдан бирорта чет давлатига айланишга саёҳатга кетишни тавсия қиляпман», — дейди у.