Қиморга тикилган, оёғи синдирилган, боласи туширилган: Эрининг зўравонлигига учраган ўзбек шоу-бизнесидаги аёллар — видео
Қуйида улар ҳақда маълумот берилади
Режиссёр Санжар Маткаримов томонидан унинг собиқ турмуш ўртоғи, хонанда Рухшонага етказилган енгил тан-жароҳати ва жабрланувчининг шахсий сирини унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда тарқатиб, шахсий ҳаёт дахлсизлигини қасддан бузгани учун унга икки йил-у, бир ойга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Бундай ҳолат фақатгина Рухшона билан содир бўлмаган. Ўзбек шоу-бизнесидаги бир қанча актриса ва хонандалар шундай таҳқирлашга учраган. Қуйида улар ҳақда маълумот берилади.
Милена Мадмусаева
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Милена Мадмусаева «O’zim» кўрсатувига берган интервьюсида турмуш ўртоғининг рухсатисиз кўчага чиқмагани ҳақида гапирган. Хонанданинг эрига унинг давлат тадбирларидаги иштироки ёқмаган. Шундай тадбирларга Миленани чақириб, эрига қўнғироқ қилишганда, у боролмаслиги айтган. Бу гапни хонанда ажрашгандан сўнг эшитган.
«Турмуш ўртоғим айтган ишни қилардим. Ҳатто санъатдан кетасан, деса ҳам рози бўлгандим. Уйдан чиқишимга рухсат бермагунига қадар остона ҳатлаб кўчага чиқмасдим. Давлат тадбирларида иштирок этишим у инсонга унчалик ёқмасди. Бирдан давлат тадбирларига ҳам чақирмай қўйди. Кейинчалик билсам бирга яшаган пайтимизда турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилишса ‘Милена касал боролмайди, юролмаяпти’, деган гапларни айтган экан. Аммо мен ҳомиладор аҳволимда тўйларга борардим», — дейди у.
Хонанда қайнасини онаси каби яхши кўришга ҳаракат қилган. Бироқ у келинлик уйида ўзини бегонадек ҳис этган. Турмушидан сўнг 10 ой давомида операчи бу ҳақда ота-онасига индамаган. Олти ойлик ҳомиладорлигида кечқурун ота-онаси билан гаплашиш учун эридан рухсат сўраган. У эса Миленага улар ҳақида гапирмаслигини таъкидлаган.
«Қайнанамнинг кўзига ҳеч қачон тик қарамаганман. Уни онамдек яхши кўришга ҳаракат қилганман. Аммо мен келин сифатида у уйда бегона эдим. У уйда худди ўзимни бўрилар орасига тушиб қолгандек ҳис қилганман. 10 ой турмушим бузилмаслиги учун чидадим ва бу ҳақида ота-онамга айтмадим. Олти ойлик ҳомиладорлик пайтимда кечаси ота-онамни соғиниб, тонгда уларга қўнғироқ қилишимга рухсат беришини сўраганман. ‘Ота-онанг ҳақида гапирма ва мен гапираётганда тик туриб эшит’, деган. Шунда ҳаво етмай ташқарига чиққанман. Ҳаво совуқ, қор ёғаётган пайт эди. Уч соат ташқарида юриб уйга кирдим. Юзимни ювсам совуқдан бир томонга қийшайиб қолганини пайқадим. Тонг отиши билан машинамга ўтириб, ота уйимга кетдим. Турмуш ўртоғим ота-онамдан кечрим сўради, бир муддат яхши яшадим. Аммо барибир қайнонамнинг ота-онамга нисбатан адовати сақланиб қолганди. Сабабини билолмасдим», — дейди хонанда.
Милена Мадмусаева фарзандли бўлганидан кейин ҳам оиладаги вазият ўзгармаган. Ўша уйда қолса ҳаёти фожиали тугашидан қўрқиб, операчи ота уйига қайтган. Унинг тўрт ёшли қизи ҳалигача отаси кимлигини билмайди.
«Фарзандли бўлганимдан кейин ҳам вазият ўзгармади. Бу оилада нафақат турмуш ўртоғимга, балки унинг яқинларига ҳам керак эмаслигимни англадим. Бу ерда қолсам ҳаётим фожиали якун топишидан қўрқиб, ота уйимга кетдим. Бир ойдан сўнг турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилиб, ‘Қизимиз сизнинг ҳам фарзандингиз, уни истаган пайтда кўришингиз мумкин’, дедим. У эса ‘Ота уйингда яшаса қизим эмас’, деди. Мана қизим тўрт ёшдан ошдики, ҳалигача отаси кимлигини билмайди», — дейди Милена Мадмусаева.
Замира Бешимова
Актриса Замира Бешимова биринчи эри билан оила қуришни истамаган ва рад жавобини берган. Бироқ тақдир сабаб улар оила қурган. Замира Бешимованинг эри уни тўйдан сўнг умуман кўчага чиқармаган. Онаси билан гаплашишини истамаган. Актриса онасининг туғилган кунига борганида ундан жаҳли чиқиб, урган ва оёғини синдирган.
«Аслида биринчи турмуш ўртоғим билан оила қуришни истамаганман. ‘Биз бир-биримизга мос эмасмиз’, деб рад жавобини бергандим. Аммо тақдир экан, барибир ўша инсон билан оила қурдим. У инсонни тушуниб бўлмасди. Чунки тўйдан кейин мени умуман ташқарига чиқармай қўйган. Ҳатто, чиқинди ташлашга ҳам, дом тагидаги дўконга чиқишимга ҳам рухсат бермасди. Онам билан эса умуман гаплашишимни истамасди. Ўғлим олти ойлик бўлганида онамнинг туғилган кунига борганман. Ўшанда жаҳли чиқиб, уриб оёғимни синдирганди», — дейди актриса.
Замира Бешимованинг эри фақатгини дўстлари уйига келса бозорлик қилган. Унинг турмуш ўртоғи хотинига бермаган пулларни унинг актриса дугоналарига берган. Шуни билгандан сўнг у дугоналарини ҳам жуда қаттиқ ранжиган. Замира Бешимова эрининг «ўйнаши» борлигини билгач, ундан калтак еган.
«Энг ёмони дўстлари уйимизга келса бозорлик қиларди. Қолган пайт эса ‘бори шу’ дерди. Ҳеч бўлмаса бола учун бозорлик қилинг деганимда ‘У кўкрак эмса, сенга шарт эмас’, деганди. Кейин бирдан у ўзгарди. ‘Дугоналарингни уйга чақир, гаплашиб ўтирасизлар’, деди. Мен содда унинг гапларига ишониб, учта актриса дугонамни уйга чақирибман. Кейин билсам турмуш ўртоғим улар билан танишиш учун шундай деган экан. Дугоналарим билан яқиндан танишиб, менга берилмаган пулларни уларга ҳадя қилибди. Дугоналаримдан ҳам қаттиқ ранжидим, боламни ушлаган қўли билан шундай қабиҳ иш қилганини кечиролмадим. Аммо бу ҳаммаси эмас. Бир куни телефони жиринглади. Гўшакни кўтарсам ёш қиз ‘Сен кимсан?’ деди. Орада у билан бироз келишмовчиликка бордим. Турмуш ўртоғим уйғониб, телефонини олганим учун урушди. Ҳатто, қизга ‘Мен аёлиман’, деганим учун роса калтак еганман. Собиқ турмуш ўртоғимдан рўшнолик кўрмаган бўлсам ҳам қайнонам яхши инсон эди. ‘Чиданг, сабр қилинг, ҳамма аёлларнинг аҳволи шу’, дерди. Кейинчалик билсам у келинлик бўлган пайтида ҳам қайнотамдан калтак ер экан. Ўғиллари ҳам онам демай гап қайтаришарди. Бундай оилада ўзим ва фарзандимнинг келажагини тасаввур қилолмаганим учун у ердан кетганман», — дейди актриса Замира Бешимова.
Нилуфар Саидова
Маданият ходими, бастакор Султонали Раҳматов собиқ турмуш ўртоғи, хонанда Нилуфар Саидовани ургани ҳақида гапириб берганди. У депрессияга тушган вақтида хонанда билан урушиб қолган. Иккинчи турмуши бўлган, Нилуфар Саидовадан туғилган қизларини охирги марта 2012 йилда кўрган. Унинг сўзларига кўра, хонанда билан ажрашишининг сабабини айта олмайди. Бироқ у Нилуфар Саидовани ижодкор деб айтолмаслигини таъкидлади.
«Нилуфарни билмайман, охирги марта 2012 йилда қизларимни кўрдим. Қизларимни доим кўрардим, ўша вақтда уришиб қолдик, депрессия бўлган вақтлар эди. Шундан буён қизларим билан кўриша олмаяпман. Қолган фарзандларим мен билан бирга, деярли. Иккита қизим бор, улар ҳар ҳафта келиб туришади. Нилуфар билан ажрашишимнинг сабаби бўлган. У яхши аёл, лекин катта хато қилди. Хатоларини айтишни ўзимга маъқул кўрмайман, омад тилайман. Барибир у она, фарзандларимнинг онаси, яхши ижодкор. Аниқроғи, ижодкор дея олмайман, яхши хонанда. Агар яхши ижодкор бўлганида ўзи чиқа олган бўлар эди, ижодкор эмас у», – дейди композитор.
Унинг сўзларига кўра, Нилуфар Саидовани ҳақоратлаган, уришган. Бастакор собиқ турмуш ўртоғига қўл кўтарганини, ҳозир эса бундан афсусда эканини айтди. Аммо ўша пайтда уришга тўғри келганини, эркаклик ғурури сабабли шундай қилганини таъкидлади.
«Нилуфардан хафамасман, ундан икки қизим бор. Уч нафар фарзандим биринчи оиламдан. Уни ҳақоратлаганим, уришганим тўғри, аслида бундай қилмаслигим керак эди, лекин эркаклик ғурурим бор. Ўша томондан, маълум сабабга кўра, ҳақоратлаганман, уришганман, ҳаттоки қўл ҳам кўтарганман — айбим шу. Нилуфардан бу учун кечирим сўрайман. Шу даражада бўлганки, чидай олмай қўл кўтарганман. Тасаввур қилинг, одамларни олдида қўпол муомалада бўлса, мен ким бўламан, ълаттаʼ бўламанми шунда? Нима қилишим керак эди? Хўп хотин ака, деб кетишим керакмиди? Мен унақа эмасман. Бўлмаса, ўзимдан ўзим ураманми, сўкаманми? Агар ичиб олган бўлсам, тушуниш мумкин. Лекин мен ичмайман, чекмайман ҳам. Ҳамма хатосини тан олиши керак. Ҳозир келиним бор, болаларимга ҳам айтаман, бирортаси қўлини кўтармайди. Мен такрорлаган хатони қайтармасин деб, уларни назорат қиламан. Шу икки қизим Нилуфарда, унинг яна битта фарзанди бор, отаси бошқа», — дейди Султонали Раҳматов.
Юлдуз Абдуллаева
Юлдуз Абдуллаеванинг эри жуда рашкчи бўлган. У хонандага қўлида микрофон ушлаган пайти доим узуги кўриниш туришини тайинлаган. Юлдуз Абдуллаева тўй хизматларидан бирига борганида, узуги эсидан чиқиб қолган. Шу сабабли эри уни калтаклаган. Ўша вақтда хонанда ҳомиладор бўлган ва калтак егани туфайли ҳомиласи «тушиб» қолган.
«Мен ҳеч қачон турмуш ўртоғимга ажрашиш ҳақида оғиз очмаганман. Доим сабр қилиб, чидаб юрганман, яхши томонга ўзгаришига умид қилгандим. Бир кун келиб сабр косам тўлган ва бир куннинг ичида ажрашаман деб, чиқиб кетганман. Турмуш ўртоғим мени жуда кўп рашк қилганлар, билмадим жуда чиройли бўлган бўлсам керак. Ортиқча рашк ҳам одамни чарчатар экан. Турмуш ўртоғим ‘Қайерга борсанг ҳам, микрофонни ушлаганингда қўлингдаги никоҳ узугинг кўриниб турсин’, деб тайинлаганди. Бир куни шошганимдан никоҳ узугини тақиш эсимдан чиқиб қолибди. Тўйдан қайтсам ‘Қани мен айтган тақинчоқни таққанинг?’, деди. Ўшанда ҳомиладорлигимга ҳам қарамай, калтаклаганди. Натижада ҳомилам ‘тушиб’ қолган. Бунақа даражада рашк қилавериш ҳам бўлмайди», — дейди у.
Хонанда эри билан 7-8 йил бирга яшагач, ажрашиш учун ариза ёзган. Унагча турмуш ўртоғига бу мавзуда умуман оғиз очмаган. Қизини 2,5 ёшигача онаси катта қилиб берган. Карантиндан олдин уни узатган.
«’Менга ишонмайсизми?’, десам, ‘Йўқ, сенга ишонаман, кўчадагиларга ишонмайман’, деганди. Қарасам, у одам жуда ҳам қийналиб кетяпти. У одам билан яшашнинг иложиси бўлмаяпти. Бир куни ажрашиш ҳақида айтганман, унгача бу ҳақда умуман оғиз очмаганман. Турмуш ўртоғим билан 7-8 йил бирга яшаганмиз. Қизимни онам 2,5 ёшгача катта қилиб берганлар. Кейин ўзим катта қилганман. Карантин бошланишидан аввал қизимни узатдим. Қизим ҳам, турмуш ўртоғи ҳам Инҳа университетини битирган. Ҳозир молия йўналишида ўқишни давом эттирмоқда», — дейди хонанда.
Лола Йўлдошева
Лола Йўлдошева собиқ турмуш ўртоғи билан танишганда 18 ёшда бўлган. Орадан 2 йил ўтиб уларнинг тўйи бўлган. Тўйдан олдин хонанданинг отаси йигитдан қизи ўқишни, карьерасини давом эттириш ваъдасини олган. Улар келишиб олгандан сўнг нон синдирилган.
«Биз собиқ турмуш ўртоғим билан танишганимизда 18 ёшда эдим. У мени турмушга чиқишга кўндириш учун бир йил ‘меҳнат қилди’, бизнинг тўйимизга тиш-тирноғи билан қарши бўлган ота-онамни кўндириш учун эса яна бир йил сарфлади. У ҳаммамизни кўндириш учун барча маҳоратини ишга солди. Шу тарзда орадан 2 йил ўтиб биз унга таслим бўлдик. Отам собиқ турмуш ўртоғимдан тўйдан кейин ўқишимни давом эттиришим ҳамда ўтган йиллар мобайнида эришган карьерамни давом эттириш ваъдасини олди. Эркаклар қўл ташлашди, нон синдирилди, тўйимиз бўлди», — деб ёзади хонанда.
Актриса тўйидан сўнг 5 йил давомида фақат уй ишлари билан машғул бўлган. Лола ўқишини ҳам давом эттира олмаган. Шу сабабли унинг ўқишини юридик университетнинг сиртқи бўлимига кўчиришган. Карьерасини давом эттиришга ҳам рухсат берилмаган.
«Тўйдан кейинги 5 йил давомида мен фақат уй ишлари билан шуғулланиб уйда ўтирдим. Биз шаҳардан 30 километр узоқликда яшардик, мен деярли уйдан кўчага чиқмасдим. Менга ўқишимни давом эттиришга ҳам рухсат беришмади. Чунки бу янги келинчакка уйдаги мажбуриятларини бажарашига халақит берарди. Шу тарзда Вестминистерни тамомлай олмадим. Ўқишимни юридик университетнинг сиртқи бўлимига кўчиришди. Ишлашимни ҳамда касбим билан боғлиқ тадбирларда иштирок этишимни тақиқлашди. Барча дугоналарим билан алоқам узилди, улар билан учрашувларга, туғилган кун ва тўйларга юборишмасди.
Ота-онамникига бир ҳафтада бир марта бир неча соатга борардим, ётиб қолишга ҳеч қачон рухсат беришмасди. Шундай қилиб орадан йиллар ўтди. Икки фарзандли бўлдим. Ҳар куни эрталаб соат 06:00 да турардим, ярим кечаси ухлашга ётардим. Бошқаларнинг манфаатлари билан яшардим, чунки ўзимда ҳеч қандай манфаат йўқ эди. Ҳаётимдаги асосий мақсад оила аъзоларига хизмат қилиш, уларга яхши кўриниш эди. Ҳар кеча ухлашдан олдин ўзимни саҳнада ҳис этар, кўзларим ёниб табассум қилаётганимни тасаввур қилардим. Фақат тушимда ўзимни бахтли ва эркин ҳис этардим. Кунлардан бир кун мен 40 кунлик ўғлимни ва икки ёшли қизимни олиб у уйдан кетдим ва у ерга бошқа ҳеч қачон қайтмадим», — деганди Лола Йўлдошева.
Посмотреть эту публикацию в Instagram
Наргиза Абдуллаева
Актриса Наргиза Абдуллаевани собиқ турмуш ўртоғи «Charxpalak» сериалидаги роли сабаб ёқтириб қолган ва унга совчи жўнатган. Бироқ актрисанинг оиласи рад жавобини берган. Улар жавобини олгандан кейин ҳам келишда давом этган. Тақдир сабаб уларнинг тўйи 1 ой ичида бўлиб кетган.
«Собиқ турмуш ўртоғим мени кўриб ёқтириб қолган. Кейин катталар отамнинг ишхонасига бориб, оғиз солган. Отам ҳам рад жавобини берган. Аммо улар совчи бўлиб келаверган. Гап одам танлашда эмас, аммо аввалдан у инсон билан оила қуришни истамагандим. ‘Ҳозир оила қуришнинг вақти эмас, карьера қилишим керак’, деб ҳисоблардим. Аммо тақдир экан, бир ойда тўйимиз бўлиб кетди. Кейин билсам у инсон актриса бўлганим учун мен билан оила қурган экан. Яширмайман, ўртаҳол оиланинг фарзандиман. Улар эса тўйдан аввал оиламизни бошқача тасаввур қилган экан», — дейди актриса.
Тўйдан кейин актрисага нисбатан ҳар хил гаплар бўлган. Наргиза Абдуллаева камситишлардан сўнг у оила билан келажагини тасаввур қила олмаган. Чунки актрисага эри қўл кўтарган ва бўғиб тан-жароҳати етказган. Баъзида уни яшатиш учун уйдан машинасигача судраб чиққан кунлари ҳам бўлган.
«Ота-онам ҳам борини қилган, қиз узатдим деб бировдан қарз олмайди-ку. У пайтда узатилган қиз томонга 40 та тоғара қилмаса уят эди. Тўйдан кейинги илк кундан бошлаб, ҳар хил гаплар қилишди. Негадир ‘Артистсан-да’ деган гап кўнглимга оғир ботарди. Улардан кўп марта ҳатто, ‘хўп бўлади’ деган сўзим учун ҳам шу гапни эшитгандим. Ўшанда ‘хўп бўлади’ деган сўз айримларга ёқмаслигини тушунганман. Камситишлардан сўнг у оила билан келажагимни тасаввур қилолмаганман. Чунки собиқ турмуш ўртоғим қўл кўтарарди, бўғиб жисмоний тан-жароҳат етказарди. Ҳатто, мажбуран яшатиш учун уйдан машинасигача судраб чиққан кунлари ҳам бўлган. Эркак киши аёлига бир марта қўл кўтардими, унинг ожизлигини билиб қайта ва қайта бу ишни қилаверади», — дейди Наргиза Абдуллаева.
Раъно Ярашева
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева биринчи турмуш ўртоғи билан кўп жанжаллашган. Собиқ эри жанжалларининг бирида «Агар оилам билан асоссиз жанжаллашсам, заррача кўнглини оғритсам, боламнинг ўлигининг устида турай», деб қасам ичган. Шундан сўнг актрисанинг 4 ёшли қизи вафот этган.
«Ўн етти ёшимда оила қурганман. Турмуш ўртоғим ёмон инсон эмасди, аммо дунёқарашимиз бир-бирига мос келмасди. Мен ёш, шеъриятга қизиқадиган инсон эдим. Аммо қизиқишларим турмуш ўртоғимга ёқмасди. У инсоннинг фикрича, келиннинг китоб ўқиши, шеър ёзиши маъқул иш эмасди. Кейин турмуш ўртоғим спиртли ичимлик истеъмол қиларди. Бир куни келиб, бошимга қаттиқ жисм билан урди. Бошимдан қон оқаётганини кўриб, жаҳл билан ота уйимга кетдим. Отам аҳволимни кўриб, нима бўлганини сўради. Кейин турмуш ўртоғимнинг ёнига келиб, ‘Қизимнинг айби нима? Нега урдинг’, деб сўради. Турмуш ўртоғим кулиб, бундай ҳол ҳамма оилада бўлиб туришини айтди. Отам жаҳл билан турмуш ўртоғимни урганида хонанинг у бошига учиб тушганди. Ундан кейин ‘Ичмайман, яна шундай қилсам боламнинг ўлигини устида ўтирай’, деб қасам ичди. Афсуски, қасамининг устидан чиқмаганидан кейин 4 ёшлик қизим оламдан ўтди. Бу воқеадан кейин у оилада қололмадим», — дейди актриса Раъно Ярашева.
Зарнигор Ғаниева
Заргинор Ғаниеванинг онаси вафот этгандан сўнг ўгай отаси уни эрта турмушга берган. Шу сабабли у келинлик даврида қийналган. Бошидан турмуш ўртоғи билан муносабати яхши бўлмган. Актриса унинг ўзгариб қолаётгани ҳақида кимгадир гапирса, унга ишонишмаган. Зарнигор Ғаниеванинг собиқ эри қиморбоз бўлган. Бир гал у хотини ва фарзандини қиморда ютқазган. Бу гапни унга ижара уй эгаси айтган ва ички ишлар ходимларини чақирган. Шундан кейин актриса ўгай отасининг уйига қайтган.
«Онам эрта вафот этганидан сўнг ўгай отам эрта турмушга берган. Келинлик даврим жуда қийин ўтган. Чунки эрта уйғонишни, ҳатто қайнонага қандай қилиб чой узатишни ҳам билмасдим. Аммо қийинчиликларим фақат бу эмасди. Турмуш ўртоғим билан ҳам муносабатларимиз у қадар яхши эмасди. Унинг хатти-ҳаракатлари ўзгараётганини яқинларига айтсам гапимга ишонишмасди. ‘Эрингдан аразлаб қаерга ҳам кетардинг? Борадиган жойинг йўқ’, деб кулишарди. Аслида ҳам вазиятим шундай эди. Энг алам қилгани эр-хотин тортишиб қолсак қайнонам аралашиб ‘Сен ҳам онангга ўхшаб бировга иккинчи хотин бўлмоқчимисан? Минг қилса ҳам онангга ўхшайсан-да’, дерди. Онам ёмон аёл эмаслигини, фақат тақдир сабаб икки марта оила қурганини айтолмасдим. Аммо оилам бузилишига булар сабаб бўлмади. Биз турмуш ўртоғим билан ижара уйда яшардик. Ўғлим ҳали чақалоқ эди. Уйимизга тез-тез турмуш ўртоғимнинг дўстлари келиб, хона эшигини ёпиб нималардир қилишарди. Кейин билсам улар қимор ўйнашар экан. Ўйиннинг бирида турмуш ўртоғим мени ва фарзандимни қиморда ютқазиб қўйибди. Буни ижара уй эгаси келиб айтганида шокка тушганман. ‘Уйдагиларингни чақир’, деди. Ортимдан келадиган одам йўқ, деганимдан кейин уй эгаси ички ишлар ходимларини чақирган. Шундан кейин боламни олиб, ўгай отамнинг уйига қайтганман», — дейди Зарнигор Ғаниева.
Зуҳра Солиева
Зуҳра Солиеванинг эри унинг пулини совурган. Шунингек, у актрисанинг дилини ҳам оғритган. У бир фарзандли бўлса, босилади деб ўйлаган ва чидаб яшаган. Ҳар ой эрининг машина ижараси учун 400 доллар тўлаган. Бир гал турмуш ўртоғига фарзандли бўлишни хоҳлаётгани ҳақида гапирганда, бачадонига тепган.
«Тўйларга чиқаман, лекин Тошкентдан квартира сотиб оладиган даражада пул топмайман, бу биринчидан. Иккинчидан, эрга тегдим. Эрга тегиб, уй-жой қиламан, десам, у эр шунақа тушди, бор-йўғимни совурди. Эрим ҳам пулимни совурди, ҳам дилимни оғритди. Мен нега чидардим, битта бола бўлса буям босилади, ўзгаради, дердим. Бизда шунақа гап бор-ку. Битта бола бўлса, эрим босилади, деганларга айтмоқчи бўлган гапим: босилмайди! Бўлмагани бошидан билинади! ГАИга тушган жаримасини ҳам мен тўлардим, кийим-кечак олиб берардим, машинани бўлиб тўлашга олганман, ҳар ой 400 доллар тўлардим. Ўша пулларни ҳисобласам, эримни кетидан иккита уйнинг пули кетди. Нафақат эрим, балки қайнонам ҳам иккиюзламачилик қилди. Менга яхши гапириб, телефонда ўғлига ‘ур’, дерди. ‘Бир марта қачон бола қиламиз, бола хоҳлаяпман’, деганимда ‘Мана сенга бола!’, деб бачадонимга тепган», — дейди Зуҳра Солиева.