Янгиликлар

Туризм вазирлиги вакили Заррина Абдуллаева мамлакат бўйлаб ўтказилаётган тадбирлардаги қийинчиликлар ҳақида гапирди

Бундан ташқари, коронавирус пандемияси кўнгилсизликларни келтириб чиқарган

Туризм вазирлиги вакили Заррина Абдуллаева мамлакат бўйлаб ўтказилаётган тадбирлардаги қийинчиликлар ҳақида гапирди

Туризм вазирлиги вакили Заррина Абдуллаева «NOVA24» сайтига берган интервьюсида Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган тадбирлардаги қийинчиликлар ҳақида гапирди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, тадбирларнинг вақти бир-бирига яқин бўлиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатда улар маълум вазифалар бўйича турли ҳудудларга тенг тақсимланади.

«Албатта, қийинчиликлар бўлган, аммо биз буни ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Баъзида тадбирлар бир-бирига жуда яқин режалаштирилади ва бу вазиятда ҳамма нарсани ташкил қилиш қийин бўлиши мумкин. Масалан, бошқарувимизда иккита тадбир: Бухородаги тилла каштачилик ва тақинчоқлар фестивали ва Намангандаги гуллар фестивали бир вақтнинг ўзида режалаштирилса, биз вазифалар бўйича икки гуруҳга ажраламиз. Айнан шундай пайтларда қийинчиликлар бўлади», — дейди у.

Заррина Абдуллаеванинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси бир қанча кўнгилсизликларни келтириб чиқарган ва бу Ўзбекистонга ҳам таъсир қилган. Аммо ҳозирда, масалан, Россиядан келган сайёҳлар сони кескин ошган. Улар Туркия ва Ўзбекистонни танлаш керак бўлса, Ўзбекистонни танлайди. Чунки уларнинг кўпчилиги учун бу янги давлат.

«Бизда денгизлар, пляжлар йўқ, аммо маданий меросга, санъатга, тарихга қизиқувчилар Ўзбекистонни танлайди. Илгари одамлар оилавий дам олиш учун тоғларга чиққан бўлса, ҳозирда улар Бухоро, Самарқанд, Хивага саёҳатга чиқмоқда. Биз эндиликда уларга саёҳат қилиш учун бу муҳим учта шаҳардан бошқа жойлар ҳам борлигини кўрсатмоқчимиз. Сирдарё, Наманган, Қўқон ва Қорақалпоғистонни ривожлантиришга сармоя киритилмоқда, ўйлайманки, келажакда нафақат ўзимиздан, балки хориждан ҳам бизга кўпроқ сайёҳлар келади», — дея таъкидлади Заррина Абдуллаева.