Янгиликлар

Тошкент вилоятида минерал сувлар билан даволовчи санаторий очилди — фото

Санаторий 10 гектар майдонда жойлашган

Тошкент вилоятида минерал сувлар билан даволовчи санаторий очилди — фото

Тошкент вилоятида 11 июнь куни «Тошкент термал минерал сувлари» санаторийсининг очилиш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ташкил этилган инфо-турда қатнашган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, 10 гектар майдонда жойлашган санаторий бир вақтнинг ўзида 255 нафар дам олувчини қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, 11 та оилавий коттежлар ҳам мавжуд. Шунингдек, санаторий худудида ресторан, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, турк, рус, фин сауналари, туз ғори, кинотеатр ва бошқалар ҳам бор.

Очилиш маросимида Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Нусратилла Зикриллаев бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг табригини ўқиб эшиттирди.

«Санаторийнинг асосий даволаш омили 1300 метр чуқурликдан чиққан гипертермал ( 49-52С), таркиби натрий, хлор, гидрокорбонат, кремний ва бошқа минерал тузларга тўйинган шифобахш термал минерал булоқдир. Ушбу минерал сувлар ошқозон-ичак тизими касалликларини даволашда, асосан сурункали гастритлар, ошқозон яраси, қабзият, ошқозон ости бези касалликларида кунига 3 маҳал 200 грамдан истеъмол қилиш билан катта самара беради», — деди санаторий раҳбари.

Таъкидланишича, мазкур санаторий кўп тармоқли тиббий муассаса хисобланиб, унда кардиолог, гастроэнтеролог, эндокринолог, гинеколог, уролог, невропатолог, УЗИ, физиотерапевт шифокорлари фаолият юритади.

Шунингдек, санаторийда даволанувчиларга юрак-қон томир, асаб, ошқозон-ичак касалликлари, эндокрин, гинекологик, урологик касалликларини даволаш, ҳозирги кунда барчани ташвишга солиб келаётган коронавирус инфекциясини ўтказгандан кейин соғломлаштириш муолажалари хам олиб борилади.