Янгиликлар

МДҲ давлатлари ва Грузия киностудияларининг халқаро ижодий уюшмаси тузилади

Янги тузилма фақатгина ижодий ва ишлаб чиқариш йўналишига эга бўлади

МДҲ давлатлари ва Грузия киностудияларининг халқаро ижодий уюшмаси тузилади

Таниқли киностудиялар ижодий ва ишлаб чиқариш ресурсларини бирлаштириб, альянс тузишга қарор қилди.

Душанбеда МДҲ давлатлари ва Грузия киностудиялари директорларининг кинематография соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кенгаши бўлиб ўтди. Кенгаш ишида МДҲ давлатлари ва Грузиянинг етакчи киностудиялари, жумладан, Кинематография агентлиги, «Ўзбекфильм» киноконсерни, «Тожикфильм» давлат муассасаси, «Беларусьфильм» миллий киностудияси, Шакен Айманов номидаги «Қозоқфильм» киностудияси, «Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Грузия-Фильм» студияси, Молдова Миллий кинематография маркази, «Мосфильм», «Ленфильм» ва «Туркманфильм» киноконсернлари, , «Лендок» студияси (Санкт-Петербург) ва бошқалар иштирок этди.

Кенгаш аъзолари «МДҲ ва Грузия давлатлари киностудиялари халқаро ижодий уюшмаси» ишчи номи остида альянс тузишга қарор қилди. Ташкил этилган ишчи гуруҳга ассоциациянинг низоми ва тузилмасини шакллантириш, ҳужжатларни белгиланган тартибда Уюшма таъсисчилари давлатларининг давлат органлари билан келишиш вазифаси юклатилди.

«Беларусфилм» киностудияси бош директори Владимир Карачевский Ўзбекистонни ҳамкорликнинг ижобий намунаси сифатида кўрсатиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон 2022 йилнинг биринчи ярмида Россия билан ҳамкорликда яратилган 4 та фильм тақдимотини ўтказади, «Беларусфилм» киностудияси билан 2 та («Узбечка», «Казбек»), Қозоғистон билан 3 та («Қўшнилар», «Эшелонлар Шарққа кетади», «Қўрқут ота»), Тожикистон билан 2 та фильм («Жомий ва Навоий» ва «Кўринмас юлдуз») суратга олиш бўйича шартномалар имзолаган. Бу ҳамкорлик сифатини ошириш, ўзаро бозорларга чиқиш, кино ишлаб чиқаришда ижодий ва иқтисодий ресурсларни бирлаштиришга қаратилган ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.

«Биз Ўзбекистон билан биргаликда 1941-1943 йилларда Тошкентда яшаган, ўзбек шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфия билан дўст бўлган афсонавий Якуба Колоснинг 140 йиллигига бағишланган янги картина яратишни режалаштирганмиз. Шу билан бирга, биз бу ҳамкорлик тизимли ва мунтазам кўринишга эга бўлиши кераклигини тушунамиз. Бунинг учун янги механизмлар талаб этилади, шунинг учун ҳам биз кино ҳамжамиятини яратмоқдамиз ва Ўзбекистон тажрибасини асос қилиб олган ҳолда ҳамкорлик моделининг ушбу вариантини бир овоздан қабул қилдик», — дея таъкидлади «Беларусьфильм» киностудияси бош директори.

«Тожикфильм» бош директори Маҳмадсаид Шоҳиёнинг таъкидлашича, янги тузилма фақатгина ижодий ва ишлаб чиқариш йўналишига эга бўлади. «Биз сиёсий ташкилот эмасмиз ва сиёсий ғояларни илгари сурмаймиз. Мамлакатларимиз кино саноатини ривожлантириш ва кинобозорларни ривожлантириш воситаси сифатида бирлашиш биз учун муҳим, бу миллий кино мактаблари ва умуман кино саноати ривожланиши учун янги туртки бўлади», — дейди у.

«Бугун биз республикалар киностудиялари ўртасида бир вақтлар мавжуд бўлган алоқаларни тиклашимиз, ҳамкорлик қилишимиз, кино ишлаб чиқариш учун умумий мавзуларни топишимиз керак. Мен бу келишувни олқишлайман ва кафолат бераманки, биз ҳам ўз навбатида ҳамкорликда ишлаш ва тажриба алмашиш учун янги имкониятларни топамиз», — деди «Мосфильм» киноконсерни бош директори Карен Шахназаров ўз видеомурожаатида.

Ташкилот аъзолари МДҲ давлатлари ва Грузия фильмларининг ягона олтин тўпламини яратиш, уни жаҳон тилларига дубляж қилиш бўйича келишиб олди. Шунингдек, альянс иштирокчи-давлатлари киностудияларининг энг сара намуналарини жаҳон кино маконида кенг тарғиб қилиш ва тарқатиш масалалари муҳокама қилинди.