Янгиликлар

Карикатураларда креативлик

Қуйида бир қанча карикатураларнинг таҳлили берилади

Карикатураларда креативлик

Карикатура – итальян тилидаги «Caricare» сўзидан олинган бўлиб, кўпайтирмоқ, бўрттирмоқ маъносини беради. У тасвирий санъатнинг ўзига хос жанри бўлиб, асосан графика усулида тасвирланади. Мазкур тасвирий санъат кўриниши ижтимоий танқидга асосланган сатирик йўналишдир.

Карикатура жанрининг оммалашиши ижтимоий зиддиятлар, муаммолар кўпайган пайтга, қийинчиликлар даврида омманинг фаоллашган даврига тўгри келади. Бундай даврда карикатуралар демократик кучларнинг таъсир этиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Яъни карикатурачилар ечимни кутаётган муаммоларни юмор ва сатирик тасвир орқали ифодалайди. Давлат раҳбарлари, уларнинг хатти-ҳаракатларини кулгуга олиб, жараёнларга ўз муносабатини билдиради.

Баъзи бир фаразларга кўра, карикатура жанрининг асосчиси итальян рассоми Леонардо да Винчи бўлган. Уйғониш даври мутафаккири Леонардо да винчи моҳир рассом бўлиши билан бирга одам анатомиясини мукаммал билган одам эди.
Қуйида рассомнинг қаламтасвир усулидаги графикаларида масхаралаб чизилган расмларини ўша инсонларнинг карикатураси деб ҳисоблаш мумкин. Бунда ижодкор инсон табиатига мос бўлган ҳарактерни, камчиликларни бўрттириб кўрсатган.

   

Да винчи карикатуралар чизишда портрет жанридан фойдаланган. У чизган карикатураларнинг асосий фарқи шундаки, уларда оддий аҳоли мавзу сифатида танланган. Да винчи амалдорларни «қалами остига олмаган».

Карикатура жанрининг гуллаган даври Наполеон сиёсатига қарши уруш пайтига тўғри келади. Жеймс Гилрей ва Томас Роулдсонлар карикатура жанрини ниҳоятда машҳур қилган. Наполеоннинг карикатураларни хуш кўрмаслигини билган россиялик генерал Кутузов ўзининг штабида карикатуралар чоп этувчи махсус босмахона ташкил қилади.

Буюк Британиянинг Франция билан урушининг ушбу энг машҳур суратида икки очкўз сиёсатчи Питт ва Наполеон дунёни ўйиб олаётгани ишланган. Рассом бу ерда инглизлар мустамлака империяси ва жаҳон савдосининг монополиясини ўрнатиш ниятида эди, деган қарашни ҳисобга олган. Оч бош вазир яширинча дунёнинг деярли ярмини, шу жумладан даромадли Ғарбий Ҳиндистон ва Атлантика океанини ўйиб олади. Наполеон ўзининг вилкалари билан Жорж III нинг Ганновер шаҳрида Европанинг кўп қисмини кесиб ташлади.

Юқоридаги карикатурани Маҳмуджон Эшонқулов чизган. У ғояни И. И. Шишкин ва К. А. Савитский қаламига мансуб 1889 йилда чизилган «Утро в сосновом лесу» асаридан олган. Суратнинг асл нусхасида айиқлар дарахтлари кўп ўрмонда юришган. Маҳмуджон эшонқуловнинг карикатурасида эса айиқлар кесилган дарахтнинг устида симёғочлар билан бирга тасвирланган.
Бунда бугунги кундаги дарахтларни кесиб ташлаш муаммоси олиб чиқилган. Карикатурачининг бу муаммо учун танлаган санъат асари ҳам карикатуранинг аҳамиятини оширган.

Ушбу расм ўзбек карикатурачиси Жавлон Назаров қаламига мансуб. Бу карикатура 2016 йилга тегишли.
Унда ўша пайтдаги «Barcelona» клуби мураббийи луис энрике жамоа етакчиси лионел мессининг Эл-Cласиcогача тузалиб кетишини хаёл қилмоқда.