Янгиликлар

«Бойсун баҳори» фестивали меҳмонлари учун махсус чартер рейслар йўлга қўйилди

Йўловчиларни Фарғона вилоятидан Андижонга олиб бориш учун автобуслар ажратилди

«Бойсун баҳори» фестивали меҳмонлари учун махсус чартер рейслар йўлга қўйилди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида ўтказиладиган «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали меҳмонларига янада қулайлик яратиш мақсадида 2022 йилнинг 7 май куни Андижон-Термиз-Фарғона ва Нукус-Термиз-Нукус йўналишларида қўшимча чартер авиақатновлар йўлга қўйилди. Шу билан бирга, йўловчиларни Фарғона вилоятидан Андижон вилоятига олиб бориш учун автобуслар ажратилди.

Ушбу қўшимча рейслар Президентнинг 2022 йил 26 апрелдаги «Туризмни янада ривожлантириш, ички туризм бозорини кенгайтириш, туризм объектларини кўпайтириш ҳамда музейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари»га бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, ҳудудларда ўтказилаётган оммавий тадбирларда сайёҳларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан йўлга қўйилди.

Бойсун туманида 7-8 май кунлари бўлиб ўтадиган «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалига дунёнинг турли давлатларидан ошиқиб келаётган хорижлик меҳмонлар Сурхондарё вилояти билан яқиндан танишиб, тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган муқаддас обидаларни зиёрат қилмоқда. Археологик ёдгорликлар ва бошқа сайёҳлик обектларини мириқиб томоша қилмоқда.

«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали кўрик-танловида иштирок этиб, ўзларининг ноёб санъатларини дунёга кенг тараннум этиш учун Буюк Британия ва Франциядан келган санъаткорлар ва соҳа мутахассислари Термиз шаҳри ҳамда Термиз тумани бўйлаб саёҳат қилди.

Мехмонлар дастлаб Термиз шаҳридаги «Азизбек» тўйхонасида ўтказилаётган келин-куёв тўйида қатнашди. Муҳташам «Санъат саройи»да бўлиб, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси, Термиз археология музейи билан танишди. «Сурхон ипаги» корхонаси музейи ва бу ерда тўқилаётган миллий атлас ҳамда адрас каби матоларни кўздан кечирди. Буюк аждодимиз Ҳаким Термизий мажмуаси ва Фаёзтепа археологик ёдгорликларида бўлди.

«Менга Ўзбекистон жуда ёқиб қолди. Хивада ўтказилган ‘Лазги’ фестивалида бўлиб, Хоразм ва Бухородаги кўплар тарихий обидаларни мириқиб томоша қилдим. ‘Бойсун баҳори’га келиб, шундай мафтункор юртни томоша қилаётганимдан ҳаяжондаман. Қадимий юртда яшаётган самимий одамларнинг меҳмондўстлиги жуда ёқди. Ўзбеклар ҳамиша меҳмондўст бўлган. Лекин, мен бундай юксак даражада бўлишини кутмаган эдим. Қайерга бормайлик, бизни очиқ чеҳра билан самимий кутиб олаётганига мафтун бўлмоқдаман. Айниқса, эрамиздан аввалги асрларга оид Фаёзтепа археологик ёдгорлиги менда бой таассурот уйғотди. Ўтмишда буддистлар барпо этган ступага таъзим қилиб, уни ўз қўлим билан ушлаб кўрдим. Узоқ тарихдан сўзлайдиган бундай ноёб ёдгорликда бўлмаган, учратмаган эдим. Бойсуннинг ҳам бизни ҳайратда қолдиришига ишонаман. Албатта, бу ҳақда ‘Бойсун баҳори’да учрашиб қолсак, мароқ билан гапириб берарман. Шундай нафис фесстивальни ташкил этган давлатингиздан миннатдормиз», – дейди Буюк Британиялик фольклоршунос Йева Скалла.

«Термизга қўнган заҳотимиз бизни миллий куй-қўшиқлар оҳангида самимий чеҳра билан кутиб олишди. Меҳмонхонага жойлашгач, ёш келин-куёв тўйида қатнашиб, гўзал миллий қадриятларингизга гувоҳ бўлдик. Маҳаллий меҳмонлар билан рақсга тушдик. Ёшларга бахт тиладик. Миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ҳам бизга жуда ёқиб қолди. Тинч, осуда тарихий бу гўшада мароқли саёҳат қилиб, бой таассурот олаётганимиздан қувончимиз чексиз», – дейди франциялик санъаткор Бижан Йетемад Могҳадам.

Хорижлик меҳмонларнинг қадимий ва ҳамиша навқирон вилоят бўйлаб саёҳатлари давом этмоқда.