Интервью

Шаҳзода Муҳаммедова нега кино-сериалларда роль ўйнамай қўйганини айтди

У биринчи ўринга фарзандини қўйгани ҳақида гапирди

Шаҳзода Муҳаммедова нега кино-сериалларда роль ўйнамай қўйганини айтди

Актриса, хонанда, дизайнер Шахзода Мухаммедова YouTube’даги «SB» лойиҳасига берган интервьюида нима сабабдан киноларда роль ўйнамаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бунинг энг катта сабаби кассабоп фильмлар суратга олинмаётганида. Хонанда иккинчи сабаби фарзанди Миланани ҳаётида биринчи ўринга қўйгани эканини айтди. Шунингдек, актриса сериалларга кўп таклифлар тушганини, бироқ у рад этганини таъкидлади.

«Охирги вақтларда кинофильмларда суратга тушмаяпман. Бунинг энг катта сабаби кўпчиликка маълум. Кассабоп фильмлар суратга олинмаяпти. Лекин сериаллар кўп суратга олиняпти. Уларга таклиф бўлганда, кўпинча боламни ўйлайман. Биринчи ўринга боламни қўядиган бўлиб қолдим. Бу Аллоҳ томонидан оналарга берилган туйғу бўлса керак. Сериални бошласам, кейин масъулиятсизлик қилиб, кеч қолишим мумкин. Сериални охиригача етказа олишимга кўзим етмайди. Шунинг учун, уларни рад этяпман», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шаҳзода Муҳаммедова нима сабабдан турмушга чиққанидан сўнг фамилиясини ўзгартирмаганини айтганди. Шунингдек, у нима сабабдан Европа давлатларини ёқтирмаслигини айтгани ҳақида хабар берилганди. Шу билан бирга, актриса санъат соҳасига киришига ким қарши бўлганини маълум қилинганди.