Интервью

«Осмондаги болалар 3» олдинги қисмлардан нимаси билан фарқ қилиши айтилди — видео

Режиссёр фильмнинг суратга олиш ишларини бошлаб юборган

«Осмондаги болалар 3» олдинги қисмлардан нимаси билан фарқ қилиши айтилди — видео

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Зулфиқор Мусоқов «Осмондаги болалар 3» олдинги қисмлардан нимаси билан фарқ қилишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бадиий кенгаш томонидан фильмдаги баъзи камчиликлар айтилгаан ва улар сценарийга киритилган. Режиссёр кинони суратга олишни бошлаш учун «Ўзбеккино» раисининг имзоси қўйилган буйруқ борлигини айтди. Зулфиқор Мусоқов молиявий томондан тўсиқлар бўлмаса, «Осмондаги болалар 3» 2022 йил охиригача чиқаришни режа қилган.

«Бадиий кенгашда фильм одамларнинг ёдида ‘Осмондаги болалар’ сифатида қолгани учун ‘Ердаги оталар’ номи ортиқча деб таклиф беришди. Шунинг учун фильм ‘Осмондаги болалар 3’ номи билан чиқади. Агар камчилик шундан иборат бўлса, биз розилигимизни айтдик. Бошқа кичик камчиликлар ҳам айтилди. Биз уларни сценарийга қўшиб қўйдик. ‘Ўзбеккино’ раисининг имзоси билан буйруқ чиқди. Агар бизда молиявий тўсиқлар бўлмаса фильм йил охиригача чиқади», — дейди Зулфиқор Мусоқов.

Шунингдек, кинодраматург фильмнинг янги қисми олдингиларидан нимаси билан фарқ қилишини ҳам таъкидлаб ўтган. Режиссёрнинг сўзларига кўра, орадан 20 йил ўтган ва бу вақт ичида кўп нарса ўзгарган. Биринчи фильмдаги қаҳрамонларнинг ҳозирда 2-3 нафар фарзандлари бор. Замон ҳам кинодаги кўп нарсаларга ўзгартириш киритган.

«20 йил ичида кўп нарса ўзгаради. Қаҳрамонларнинг барчаси бола-чақали бўлди. Қирққа яқинлашди. Ҳаммасининг 3-4 нафар фарзанди бор. Замон ҳам баъзи нарсаларни ўзгартиради. Ҳозирда 20 ёшда бўлган болаларга улар шундай бўлган десанг ишонмайди. ‘Осмондаги болалар 3’да аввалги 4 нафар қаҳрамон, уларнинг фарзанди ва оилалари билан бўлган воқеалар акс этган», — дейди режиссёр.