Интервью

Искандар Ҳамроқулов театрда туғилгани ҳақида айтиб берди — видео

Унинг ота-онаси бир олийгоҳда ўқиган

Искандар Ҳамроқулов театрда туғилгани ҳақида айтиб берди — видео

Қизиқчи, актёр Искандар Ҳамроқулов «Omon-omon» кўрсатувига берган интервьюсида театрда туғилгани ҳақида айтиб берди.

Актёрнинг ота-онаси бир олийгоҳда ўқиган. Улар ўқишни тугатгач, оила қурган. Рустам Ҳамроқуловнинг ўша пайтда Наманган шаҳрида уйи бўлмаган. Шу сабабли ёш жуфтлик ишлайдиган театр жамоаси уларга кичик пардозхонани уй қилиб берган. Искандар Ҳамроқуловнинг онасида туғруқ бошланганда, эри тўй хизматида бўлган. У 3-қаватдан қоровулхонга тушиб, қоровулдан тез ёрдам чақириб беришини сўраган. Шифокорлар етиб келгунча қизиқчи театр пардозхонасида дунёга келган.

«Отам Рустам Ҳамроқулов ва онам Театр ва рассомчилик олийгоҳида ўқиган. Ўқишни тугатгач, тўй бўлган. Улар Наманган шаҳридаги ‘Алишер Навоий’ номидаги мусиқали драма театрига ишга борган. Ўша пайтда шаҳарда отамнинг шахсий уйи бўлмаган экан. Улар Попдан Наманган шаҳаргача поездда ишга бориб келган. Бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Театр жамоаси иккаласи ҳам истеъдодли бўлгани учун қийинчилик сабаб театрдан кетиб қолишини хоҳламаган. Шунинг учун улар театрнинг пардозхонасини ёш келин-куёвга уй қилиб берган. Менинг дунёга келишим яқинлашган пайтда отам тўй хизматида бўлган. Онам 3-қаватдан қоровулхонга тушиб, қоровулдан тез ёрдам чақириб беришини сўраган. Шифокорлар етиб келгунча, мен театрнинг пардозхонасида туғилганман», — дейди қизиқчи.