Амирхон Умаров нега сериаллар суратга олишни тўхтатганини очиқлади
Журналист сериал ишлаш у учун эмаслигини таъкидлади
Телебошловчи, журналист Амирхон Умаров YouTube’даги «Subyektiv» лойиҳасига берган интервьюсида нима сабабдан сериаллар ишламай қўйганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, масъулиятсиз, пулни ҳалоллаб олмайдиган инсонлар аурасида ишлай олмайди. Фақатгина битта «Қўлимдан тут» деб номланган сериални охиригача ишлаган. У сериал «MY5» ёки «Zo’r tv» телеканали орқали эфирга узатилади.
«Сериал мен учун эмаслигини тушунганман. Бўлди йиғиштирдим. Мен бундай ёмон аурада, бемасъулият, пулини ҳалоллаб ололмайдиганлар бўлган сферада ишламайман дедим ва тўхтатдим. Ҳозир ўзлари амаллашяпти. Битта ‘Қўлимдан тут’ деган сериалимиз бор, Ҳақиқатдан чиройли чиққан. Яқин орада ‘Mening yurtim’ ёки Zo’r tv’да чиқиши бўйича муҳокамалар олиб бориляпти. Миллий сериаллар дабдала. Айнан шундай бўлгани учун сериаллар ривожига ўзимнинг ҳиссамни қўшаман деб маблағни аямадим», — дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Амирхон Умаров унинг номидан компания юритаётганлар жавобгарликка тортилишини айтганди. Шунингдек, у комедия йўналишидаги кўрсатувларга бормаслигининг сабабини айтгани ҳақида хабар берилганди. Шу билан бирга, телебошловчи уйлангани ва фарзанди борлиги ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритганди.





