Юлдузлар

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Намозов вафот этди

У узоқ вақт давомида 2-даражадаги хафақон хасталиги билан курашаётганди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Намозов вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда, бастакор Равшан Намозов узоқ вақт давом этган касалликдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда журналист Бобур Отамурод маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Равшан Намозов 1961 йилнинг 10 июлида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида туғилган. Термиз мусиқа билим юртини тамомлаб, отаси — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураҳмон Намозов ва Шокир Маҳмудовлардан сабоқ олган. У фаолиятини 1989 йили ташкил этилган «Қарс» гуруҳида бошлаган. 1985 йил Германия ўтказилган «Ёшлар фестивалида» ва 1989 йили Олмаота шаҳрида ташкил этилган «Осиё овози» кўрик танловида Гранд-Прини қўлга киритган. 1991 йилдан буён яккахон ижод қилаётган хонанда 1993 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.

Равшан Намозов замонавий сурхон қўшиқлари билан тингловчиларга яхши таниш. Унинг «Чипрадалли», «Ковушим», «Ёр-ёр ёрон-эй», «Биё-биё», «Хаёл» каби қўшиқлари санъат шинавандаларининг кўнглидан жой олган.