Андижондаги кафе Жалолиддин Аҳмадалиев ва Ҳамдам Собировнинг қўшиқларидан рухсатсиз фойдалангани учун жаримага тортилди
Хонанда лар ҳолат юзасидан Адлия бошқармасига мурожаат қилган
Андижондаги кафеда хонандалар Ҳамдам Собиров ва Жалолиддин Аҳмадалиев ижросидаги қўшиқлардан ҳеч қандай рухсатсиз ҳамда тегишли лицензия шартномасини тузмаган ҳолда фойдаланаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Адлия бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти Андижон шаҳридаги умумий овқатланиш жойида жамият аъзолари ҳисобланган Ҳамдам Собиров ва Жалолиддин Аҳмадалиев ижросидаги қўшиқлардан ҳеч қандай рухсатсиз ҳамда тегишли лицензия шартномасини тузмаган ҳолда фойдаланаётганлиги юзасидан бошқармага мурожаат келиб тушган.
Мурожаатни кўриб чиқиш давомида ҳақиқатдан ҳам Андижон шаҳрида фаолият юритувчи «М.С.П.» МЧЖ томонидан Ҳамдам Собиров ижросидаги «20 март», «Тентакчам» ҳамда Жалолиддин Аҳмадалиев ижросидаги «Жаноним», «Ёр биздан кетди» номли қўшиқлари ҳеч қандай рухсатсиз ва тегишли шартнома тузмаган ҳолда омма эътиборига етказилиб келинаётганлиги аниқланди.
Шунингдек, ўрганиш юзасидан тадбиркорга юқорида қайд этилган қўшиқларни фойдаланадиган ижролар рўйхатидан (плейлист) ўчиришни сўраб, тақдимнома киритилиб, жамият раҳбарига муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектларидан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланиш лозимлиги тушунтирилган.
«Шундан сўнг Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига тадбиркордан хонандалар фойдасига товон пули ундириш ҳамда муаллифлик ҳуқуқини тиклаш ҳақида даъво аризаси киритган. Суд даъво аризани қаноатлантириб, жавобгардан даъвогарлар Жалолиддин Аҳмадалиев ҳамда Ҳамдам Собировларга муаллифлик ҳуқуқини бузилиши натижасида келиб чиққан ҳар бирига 30 миллион сўмдан зарарни ундириш белгиланган», дейилади Адлия бошқармаси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жалолиддин Аҳмадалиевнинг ўзи ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланганди.