Люк Бессон «Жомий ва Навоий» тарихий фильмини яратишда иштирок этади
Фирдавс Абдухолиқов Тошкент кинофестивали доирасида у билан музокара ўтказди
Кинематография агентлиги ва «Тожикфильм» давлат муассасасининг «Жомий ва Навоий» тарихий фильмини яратиш бўйича тузилган қўшма комиссиясининг якуний йиғилишида фильм концепцияси икки давлат мутахассислари томонидан маъқулланди.
Тақдимотда Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, «Тожикфилм» давлат муассасаси директори Маҳмасаид Шохиён, шунингдек, икки давлат олимлари ва киноижодкорлари иштирок этди.
Икки мамлакат киноижодкорлари ва олимлари томонидан тайёрланган тарихий бадиий фильмнинг кенгайтирилган синопсиси атрофлича муҳокама қилинди. Маълумки, ҳамкорликда фильм суратга олиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 10-11 июнь кунлари Тожикистон Республикасига ташрифи чоғида билдирилган ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон томонидан қўллаб-қувватланган эди.
«Бугун барчамиз Тожикистон ва Ўзбекистон халқларининг буюк мутафаккирлари, шоир ва файласуфлари — Жомий ва Навоий ўртасидаги дўстлик ҳақида бадиий фильм яратиш жараёнида иштирок этмоқдамиз», — деди Тожикистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода.
Сценарий режасини тайёрлашга Кинематография агентлиги, «Тожикфилм» давлат муассасаси, икки мамлакат Киноижодкорлар уюшмалари, Фан академиялари, Маданият вазирликлари, санъат институтлари мутахассислари, шарқшунос олимлар жалб этилган.
«Ушбу ноёб лойиҳани Янги Ўзбекистон юритаётган яхши қўшничилик ва очиқлик сиёсатининг ёрқин намунаси дейиш мумкин. Бугун биз кўплаб ижодий учрашув ва мухокамалар, баҳс ва мунозаралар, изланишлар ўтказмоқдамиз. Ушбу лойиҳа икки давлат киноижодкорлари ўртасидаги йўқолган кўприкларни тиклайди ва бизни янада яқинлаштиради. Изланишлар натижасида кўплаб тарихий ва фактологик материаллар тўпланди, бугунги кунда бутун дунёни ҳайратга солаётган, буюк мутафаккир ва шоирларимиз ижод қилган Шарқ ренессанаси даврига оид кўплаб манбалар ўрганилди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида меморандум имзоланганидан буён ишчи гуруҳнинг 15 дан ортиқ йиғилиши бўлиб ўтди. Фильмнинг асосий ғояси ‘Тинчлик ва маърифат ҳукм сурган жойда — тараққиёт ва фаровонлик бўлади’ деган ўзгармас ва ҳикматли иборага асосланган», — дея таъкидлади Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.
Шунингдек, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Маданият вазирлиги қошидаги Хорижий мамлакатларнинг маданий меросини ўрганиш маркази етакчи илмий ҳодими, навоийшунос олим Афтондил Эркинов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди:
«Улар биргаликда ижод қилган, бири устоз, иккинчиси унинг шогирди бўлган. Ўйлайманки, буюк аждодларимизнинг меросини муносиб даражада намойиш этиш вақти келди. Ушбу маърифий ғояларни халққа етказиш керак. Уларни фақат илмий доираларда тарғиб қилишнинг ўзи кифоя қилмайди. Шу сабабли, фильм синопсиси икки давлат олимлари томонидан тақдим этилган сўнгги илмий маълумотларга таянган ҳолда тайёрланган».
Ўзбекистон Кинематография агентлигида бир қатор учрашувлар, кўплаб зум-музокаралар ҳамда Тожикистон ва Ўзбекистонга ҳамкорлик ташрифлари бўлиб ўтди.
«Улар тарғиб қилган дўстлик ва маърифат ғоялари доимо долзарблигича қолади. Умид қиламанки, биз юксак маърифий ғояларни фильм орқали етказиб бера оламиз. Ушбу фильм умумбашарий аҳамиятга эга бўлиши керак», — деди филология фанлари доктори, Тожикистон Фанлар академияси кутубхонаси директори Шодимуҳаммад Сўфизода.
«Тожикфилм» давлат муассаси директори Маҳмадсаид Шоҳиённинг таъкидлашича, икки давлат киноижодкорлари бадиий фильм яратиш устида биргаликда меҳнат қилмоқда:
«Ушбу фильм орқали дўстлик ва самимийлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик муҳитини қайта тиклашимиз, Жомий ва Навоий давридаги дунёни кўрсатишимиз керак. Бугунги кунда халқлар ва маданиятларни яқинлаштириш, тинчлик, дўстлик, инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш масаласида кинонинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Мазкур фильмнинг яратилиши мамлакатларимиз ўртасидаги барча соҳаларда, жумладан, маданият ва кино соҳасида ҳам самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади».
Шундан сўнг Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов ҳам ўз фикрлари билан бўлишди:
«Бугун кунда, мамлакатларимиз Президентларининг шарофати билан азалий алоқаларимиз қайта тикланмоқда. Биз бу кунни интиқлик билан кутган эдик. Мазкур лойиҳа мамлакатимизда ёш киноижодкорларнинг шаклланиши ва камол топишига катта туртки беради. Бу лойиҳа, аллақачон, кўплаб мусулмон мамлакатларида маълум. Дунё бу фильмни кутмоқда».
Ўзбекистон томонидан фильмга режиссёрлик қилаётган Фурқат Усмоновнинг таъкидлашича, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов Тошкент кинофестивали доирасида таниқли актёр Люк Бессон билан музокара ўтказган.
«Яқинда бўлиб ўтган зум-конференция давомида Люк Бессон Ўзбекистон ва Тожикистон ёш режиссёрлари билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирди ва ёш ўзбек киноижодкорларининг иштиёқидан илҳомланганлигини таъкидлаб ўтди. Келишувларга кўра, сценарий устида биргаликда ишлаймиз, у лойиҳа бўйича маслаҳатчи вазифасини бажаради. Ҳозирда у фильм сценарийсини интиқлик билан кутмоқда», — деди Усмонов.