Янгиликлар

Ўзбекистоннинг 15 шаҳрида оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди

Ушбу мусобақа Марказий Осиёда ташкиллаштирилган энг оммавий спорт тадбирларидан бирига айланган

Ўзбекистоннинг 15 шаҳрида оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди

13 ноябрь куни Ўзбекистоннинг 15 та шаҳрида 50 мингдан зиёд югурувчи иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг 31 йиллиги арафасида Янги Нафас спорт оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.

Ушбу мусобақа Марказий Осиёда ташкиллаштирилган энг оммавий спорт тадбирларидан бирига айланди.

«Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!» шиори остида ўтказилган мусобақада Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Қарши, Қўқон, Навоий, Наманган, Нукус, Самарқанд, Тошкент, Термиз, Урганч, Фарғона ва Чирчиқ аҳолиси иштирок этди.

Эътиборлиси, шу куни турли ёшдаги минглаб инсонлар республика байроғи остида бирлашди. Тошкент шаҳрида ушбу мусобақа бирданига учта манзилда ташкил этилди: тажрибали югуриш ҳаваскорлари «Янги Ўзбекистон» паркида бирлашган бўлса, «Ашхобод» сайилгоҳида оилавий оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди ҳамда беш мингга яқин югуриш ҳаваскорлари Humo Arena майдонида тўпланди.

Қуролли кучлар академияси курсантларининг мусобақалар трассаси бўйлаб Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг 40 метрлик матоси билан масофани босиб ўтиши энг ёрқин лаҳзалардан бирига айланди.

Таъкидлаш керакки, ташкилотчилар имкониятлари чекланган югурувчилар учун трасса хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратди.
Маълумот учун, 85 та олий ўқув юртидан 27 мингдан зиёд талаба Янги Нафас оммавий югуриш мусобақасида иштирок этишга муваффақ бўлди. Ҳамма иштирокчиларга байрам рамзи туширилган футболкалар, ғолибларга эса эсдалик медаллари ва совғалар топширилди.

Мусобақа Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилди.