Янгиликлар

«Уятли бўлса–да, ҳақиқат». Улуғбек Раҳматуллаев концертида янги қўшиғини премьера қилди (видео)

Унинг янги таронаси ота-онасини қариялар уйига ташлаб кетган фарзандларга аталган

«Уятли бўлса–да, ҳақиқат». Улуғбек Раҳматуллаев концертида янги қўшиғини премьера қилди (видео)

Хонанда Улуғбек Раҳматуллаев 9—15 ноябрь кунлари Тошкентдаги «Истиқлол» санъат саройида ўзининг яккахон концертини ўтказди. Концерт давомида у бир нечта янги қўшиқларини, жумладан, ота-онасини қариялар уйига ташлаб кетган фарзандларга аталган таронасини премьера қилган. Бу ҳақда «ShouBiz.uz» мухбири хабар берди.

Улуғбек Раҳматуллаев концертида қариялар, ногиронлар ва болалар уйига тез-тез бориб туришини айтган.

«Минг афсуслар бўлсинки, уятли бўлсада ҳақиқат. Бизда шундай қариялар уйи бор, болалар уйи бор. Қилинган савоб ҳеч қачон гапирилмайди, мен ўзи қилинган савобни гапириш ёки қилинган эътиборни гапиришни ёмон кўраман. Лекин ўзим кўп маротаба болалар уйига, қариялар уйига бораман. Биласизми, жуда раҳмингиз келади, дилингиз оғрийди.

Яхшиямки, юртимиз ота-оналар учун шундай зўр имкониятлар қилиб берган. Лекин барибир қалбдаги меҳр, соғинчни ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди», — дейди хонанда.

Бундан ташқари у болалар ва қариялар уйини ёнма-ён қилиб қуришни таклиф қилган. Бу орқали уларнинг қалби сал бўлсада ёришиши мумкинлигини айтган.

«Савол туғилиб қолади. Кимгадир ота-она керак эмас экан, кимгадир фарзанд керак эмас экан, келинг, бўлмаса, қариялар уйи ва болалар уйини ёнма-ён қурайлик. Қариялар болалар уйидан ўзига бола олсин. Болалар қариялар уйидан ўзига ота-она олсин. Балки мана шунда уларнинг қалби сал бўлсада ёришар.

Мен бу қўшиқларни бекорга куйламайман. Ижодкорнинг ҳар бир қўшиғининг ўзига яраша харажат, ўзига яраша меҳнати бор. Ундан кўра шўх қўшиқ ёзса бўларди, тўйларга тўғри келадиган, лекин ишонинг, шўх қўшиқлардан кўра шундай қўшиқлар менинг дилимга яқин. Агар мана шу қўшиғимдан кейин бир дона бўлса ҳам ота-онани фарзандлари уйига қайтариб олиб келса, менинг энг катта бахтим мана шу. Ота-оналар ҳар доим фарзандлари билан, фарзандлар ҳар доим ота-оналари билан бўлсин», — дейди Улуғбек Раҳматуллаев.

Бир ҳафта давом этган мазкур концертда Улуғбек бошқа хонандалар билан ҳам дуэт куйлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Улуғбек Раҳматуллаев Нью-Йоркдаги ўзбекистонликлар уйида меҳмон бўлганди. Шунингдек, хонанда «Қирмизи олма» қўшиғининг ўғирланмагани айтганди. Бундан ташқари у АҚШдаги ногирон мухлисасига совға берган.