Янгиликлар

ШҲТ мамлакатлари инфлюенсерлари Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилмоқда

Улар «Ипак йўли» университетида Азиз Абдуҳакимов билан учрашди

ШҲТ мамлакатлари инфлюенсерлари Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилмоқда

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатларнинг етакчи инфлюенсерлари Ўзбекистонга ташриф буюришди ва Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетида Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов билан учрашди.

Азиз Абдуҳакимов улар билан мулоқот қилар экан, Ўзбекистондаги туризм соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда ШҲТ саммити олдидан Самарқанд руҳини акс эттириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берди.

Инфлюенсерлар, ўз ўрнида, Ўзбекистоннинг Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, соҳадаги ўзгаришларга шахсан гувоҳ бўлганликларини таъкидлашди ҳамда ислоҳотларни юқори баҳолашди.

«Анчадан бери тарихлар чорраҳаси ҳамда ажойиб маданий меросга эга бўлган ушбу муқаддас заминда бўлишни орзу қилардим. Халқингизнинг меҳмондўстлигинику сўз билан таърифлаб бўлмайди! Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетининг соҳавий таълимга оид ресурслари билан мавжуд камчиликлар бартараф қилинишига шубҳа йўқ. Туризм соҳаси йилдан йилга фақат яхши бўлишига ишонаман. Таъкидлаш лозимки, Самарқанддаги логистика билан кўп ютуқларга эришиш мумкин – Бухоргача 1,5 соат, 2 соат Тошкентгача поэздда қатнаш, шунингдек ажойиб янги аэропорт – туризм соҳаси учун бундан яхши шароит бўлиши мумкин эмас. Умид қиламанки, яқин орада дўстларим билан бирга яна келамиз, чунки улар ҳозирданоқ бу ерга қандай бориш, нималарни кўриш мумкинлигини ҳақидаги саволлар йўллашмоқда», —дейди Россия Федерацияси вакили – Бутунжаҳон петербургликлар клуби ва Рус географик ҳамжамияти аъзоси Владимир Дервенёв.

Шунингдек, у мулоқот давомида «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети кутубхонасига «Город говорит» номли муаллифлик китобини совға қилди.

Бундан ташқари, Қирғизистон вакили – таниқли блогер Аделет Ногойбаев ҳам Ўзбекистонга оид таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Самарқандга ташриф буюриб, ўзим учун янги бир масканни кашф этдим, — дейди Ногойбаев. – Жумладан, Силк Роад Самарқанд туризм маркази менда катта таассурот қолдирди. Гўёки Ўзбекистоннинг кўзга кўринган нуқталарини бир жойга жамлагандек. Таъкидлашим керакки, Ўзбекистон ҳар йили туристлар учун янги сюрпризлар тайёрлайди.

Кейинги сафар Самарқандга рафиқам билан келишни ният қилдим. Чунки бу ерда нафақат тарихийлик бор, балки маданият, санъат, романтика бор. Бу ерда ҳатто қуёш ботиши ҳам ўзгача».

Ногойбаев «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Университетда жуда яхши шароит яратилган. Ҳар бир хона замонавий жиҳозланган. Бу ерда етарлича таълим олиш учун ҳамма имконият бор», – деди блогер.

Ногойбаев шунингдек, Самарқандга саҳоят қилиш, бошқа давлат блогерлари билан танишиш, тажриба орттириш имкониятини яратиб бергани учун Туризм ва маданий мерос вазирлигига миннатдорлик билдирди.

«Вазирликнинг ўзига хос ташаббуслари доим мени қувонтирган. Бу сафар ҳам ўзимиз учун жуда кўп янгиликларни кашф қилдик. Ишонаманки, блогерлар ўз юртларига қайтганларидан кейин анча вақт Ўзбекистонни, Самарқандни эслаб юришади», – деди Ногойбаев.

Маълумот учун, хорижлик инфлюенсерлар саёҳат давомида Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд ҳақидаги ижобий таассуротларини ўз платформаларига жойлаб боришмоқда. Бу эса ШҲТ саммити арафасида Самарқандда қилинаётган ишлар, ШҲТда Самарқанд руҳи ва умуман Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишга имкон беради.

Таъкидлаш жоизки, бундан аввал ШҲТ давлатлари рассомлари, ҳайкалтарошлари, пойгачилари ва сураткашлари Самарқандда бўлиб, ШҲТда Самарқанд руҳини яратишга ўз ҳиссаларини қўшди.