Янгиликлар

«Шўрхок» фильми АҚШдаги фестивалда ғолиб бўлди

Ушбу филмдан мақсад кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш

«Шўрхок» фильми АҚШдаги фестивалда ғолиб бўлди

2022 йилнинг 20-ноябрь куни Лос-Анжелесда (АҚШ) «Environmental Film & Screenplay Festival»  экологик фильмлар фестивали бўлиб ўтди. Унда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан режиссёр Умид Ҳамдамов томонидан суратга олинган «Шўрхок» қисқа метражли фильми «Энг яхши операторлик иши» номинациясида ғолиб бўлди.

«Aral Dream» лойиҳаси доирасида суратга олинган «Шўрхок» Орол денгизи билан чамбарчас боғлиқ бўлган халқлар тарихи ҳақида ҳикоя қилади. Фильмдан мақсад Оролбўйи муаммоларини жаҳон саҳнасига олиб чиқишдир.

АҚШдаги фестивалда томошабинлар фильмни кўришдан олдин Орол денгизи ва унинг муаммолари ҳақида ҳеч қачон эшитмаганликларини таъкидладилар. Фильмдан сўнг эса уларда минтақага ташриф буюриш ёки у ҳақида кўпроқ билишга қизиқиш уйғонмоқда. Ваҳоланки, кино ижодкорларининг мақсади ҳам айнан шу – кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш эди.

Шунингдек, «Шўрхок» 4-ноябрь куни АҚШда «Флорида Энвиронментал Фильм Фестивал» экологик фильмлар фестивалида ҳам иштирок этди.