Янгиликлар

Машҳур иллюзионист ака-ука Сафроновлар Наманганга келди

Улар ҳудудда «Ўзбекистон — мўъжизалар карвони» реалити-шоусини суратга олмоқда

Машҳур иллюзионист ака-ука Сафроновлар Наманганга келди

Россиянинг «ТНТ» телеканалидаги «Битва экстрасенсов» лойиҳаси ва иллюзион шоу туфайли шуҳрат қозонган иллюзионист, бошловчи ва актёр ака-ука Сафрроновлар Наманганга ташриф буюрди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 16–17 октябрь кунлари Наманган вилоятидаги бир нечта ҳудудларда, хусусан, туризм салоҳияти юқори бўлган Тўрақўрғон туманидаги «Исьҳоқхон Тўра Ибрат» музейи ва «Ахсикент» очиқ осмон остидаги музейида, Чуст туманидаги «Мавлоно Лутфуллоҳ» номли маданият ва истироҳат боғида, шунингдек, етти авлод давомчиси бўлган, машҳур пичоқчи уста Раҳимжон Убайдуллаев устахонасида, Чортоқ туманидаги «Султон Увайс Қараний» зиёратгоҳида, Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» боғи ҳамда «Silk granat» музейида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Uzreport TV телеканали ҳамкорлигида амалга оширилаётган«Ўзбекистон – мўъжизалар карвони» реалити-шоусининг навбатдаги қисми суратга олинган.

Дастурда асосий эътибор Чуст ошини тайёрлаш ва шу каби Наманганнинг ҳудудий урф-одатларига қаратилган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Таъкидланишича, ташриф давомида Ўзбекистоннинг тарихий ва экотуризм жиҳатидан жозибадор 25 та ҳудудида 90 дақиқали 25 та кўрсатув суратга олинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ россиялик телебошловчи Валдис Пельшнинг «Узбекистан. Заглянут за горизонт» («Ўзбекистон. Уфқ ортига назар») ҳужжатли фильмининг премьераси 18 сентябрь куни Россиянинг «Биринчи канали»да бўлиб ўтганди.