Янгиликлар

«Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи» китоби нашрдан чиқди (фото)

Мазкур китоб илмий изланувчилар учун аниқ манзилли маълумотларни ўз ичига қамраб олган

«Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи» китоби нашрдан чиқди (фото)

Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини бутун дунёга тарғиб этишда миллий анъаналар ва қадриятларнинг роли беқиёс саналади. Маълумки, қадриятлар ҳар бир миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ойнадек кўрсатиб турувчи энг муҳим омиллардан биридир. Бунда мамлакатнинг турмуш тарзидан тортиб, кийиниш маданиятигача бўлган ҳар бир жиҳатини эътиборга олиш зарур.

Қадимдан Марказий Осиё халқлари ўзининг кийиниш маданияти билан алоҳида ажралиб турган ва бу жиҳат Шарқ ва Ғарб мамлакатларига ҳам бирмунча таъсир ўтказгани олимлар томонидан олиб борилаётган тадқиқотларда ўрганилмоқда. Жумладан, атлас, адрас, ипак, беқасам ва зардўзлик кийимлари ва уларнинг тайёр ҳолатдаги жозибадорлиги Марказий Осиё халқларининг кийиниш маданияти ўта юқори бўлганини ифодалайди.

«Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи» китоби кейинги пайтларда Шавкат Мирзиёев томонидан маданий меросни асраб-авайлашга бўлган чуқур эътибор натижасида дунё юзини кўрмоқда. Бу орқали Ўзбекистоннинг турли ҳудудларининг турли вақтлардаги кийиниш маданияти билан яқиндан танишиш мумкин. Бундан ташқари, мазкур китоб илмий изланувчилар учун аниқ манзилли маълумотларни ўз ичига қамраб олган.

Китобнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири — унда учта хонлик даврида яшаган қорақалпоқ халқининг кийиниш маданияти ҳам алоҳида манбалар асосида ёритилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар биринчи навбатда туб аҳолининг миллий анъаналари ва қадриятлари билан қизиққан ҳолда кийиниш маданияти тарихини ҳам ўрганади. Бу борада сайёҳларни яқинидан таништириш мақсадида «Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи» қўлланма китоби нашрдан чиқарилган. Муаллиф Малика Қўзиева томонидан нашр этилган ушбу китобда, асосан, Қўқон хонлиги, Хива хонлиги ҳамда Бухоро амирлиги даврида Марказий Осиё ҳудудларида яшовчи туб аҳолининг қандай кийиниш маданиятига эга бўлганлиги ва уларнинг ўртасидаги ўзаро фарқли жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот берилган.

Асарнинг бугунги кун учун долзарблиги шундаки, кейинги пайтларда аҳолининг яшаш тарзидаги яқинликлари ҳамда алмашинувлари натижасида қоришиб кетаётган кийиниш маданиятининг аслида қандай кўринишда ва қандай келиб чиққани асосини аниқ мисолларда далиллаб беради. Шунингдек, ушбу қўлланма мамлакат туризмининг кенг тарғиб қилинишида хизмат кўрсатаётган йўлбошловчи – гидлар учун асосий манба сифатида нодир тарихий фактларни ўзида бирлаштирган.