Янгиликлар

Бердинда Орол денгизининг одамлар ҳаёти билан боғлиқлиги ҳақидаги фильм намойиш этилди

Фильм ғояси Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовга тегишли

Бердинда Орол денгизининг одамлар ҳаёти билан боғлиқлиги ҳақидаги фильм намойиш этилди

Туризм ва Маданий мерос вазирлиги бошчилигида «Aral Dream» лойиҳаси доирасида «Шўрхок» қисқа метражли бадиий фильми тасвирга олинди. Фильм ғояси Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовга тегишли. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Фильмда машҳур сураткаш Орол денгизига бутун фожиани битта кадрда суратга олиш имконини берадиган манзарани топиш учун келади. Аммо бунинг ўрнига у дафн маросимига тайёргарлик кўраётган кекса аёлга дуч келади. Унинг ёрдамида сураткаш одамлар денгиз билан қанчалик чамбарчас боғлиқлигини тушунади.

18 дақиқалик картинада Орол денгизининг табиати акс этган. Фильмда маҳаллий аҳоли маданияти ва ҳаёти билан яқиндан танишиш, шунингдек, денгиз ён-атрофда яшовчилар учун қандай аҳамиятга эга эканлигини ҳис қилиш мумкин. 

«’Шўрхок’ фильмини суратга олишдан мақсад Оролбўйи муаммоларини жаҳон саҳнасига олиб чиқишдир. Инглиз ва рус тилларида субтитрлар билан яратилган фильм халқаро фестивалларда иштирок этиши кўзда тутилган. Қолаверса, уни хорижий телеканалларда намойиш қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, «Шўрхок» фильми премьераси 2022 йилнинг 1 октабрь куни Берлинда «Ўзбекистонлик» халқаро форумида бўлиб ўтган. Уни YouTube тармоғида ҳам томоша қилиш мумкин.

Фильм режиссори – Умид Ҳамдамов, бастакори – Адҳам Абдурайимов, оператори эса Жаҳонгир Иброҳимовдир. Картинага Мухлиса Азизова, Ойбек Абдушукуров ва Никита Макаренко продусерлик қилган.

«Шўрхок»да актёр Эркин Бозоров, шунингдек, қорақалпоқ рассомлари Арзихан Науризова ва Алишер Акимовлар роль ижро этишган.