Интервью

Конста рэпер Минор билан муносабатлари қандайлигини айтди — видео

«Тили билан дили келишмайдиган бола», — дейди у

Конста рэпер Минор билан муносабатлари қандайлигини айтди — видео

Конста тахаллуси билан танилган рэп йўналиши ижодкори Шариф Абдуллаев YouTube’даги «Биз билмагандик» лойиҳасига берган интервьюсида рэпер Минор билан муносабатлари ҳақида гапирди.

У рэпер билан муносабатлари яхши эмаслигини, жуда кўп ишлар бўлиб ўтганини, унинг қилган ноўрин ишларига жавоб қайтарганини ва рэпернинг дили ва тили келишмайдиган болалигини айтган.

«Узоқ гапирмайман. Шунчаки жуда кўп гап бўлган. Масалан шунақа майда одамлар бор, ҳаётда қиладиган иши йўқ, ўша одамларга шунақа мусиқа ёқади. Ушбу мусиқалар ‘негатив’ мусиқаларга киради. Уни шунақа болалар эшитади. Уларнинг ҳаётдаги мақсади омадсизлигига айбдорларни топиш. Бунга жаҳлим чиқиб трек билан жавоб қайтарганман. Унинг айбларини юзага чиқарганимдан кейин у менга яна жавоб қайтарган. У тили билан дили келишмайдиган бола», — дейди Конста.

Аввалроқ рэпер Конста даромади ҳақида гапириб, неча пулга қўшиқ матнини ёзиб беришини айтган эди.

Рэпернинг сўзларига кўра, унинг даромади қўшиқлари, буюртма эвазига ёзадиган матнлари ва рекламалар ҳисобидан келади. Шунингдек, у даромади ўзини қониқтиришини таъкидлади. Конста бир қўшиқ матнини 2-3 миллион сўм эвазига ёзиб беради. Агар қўшиқ тўлиқ унинг муаллифлиги асосида ёзилса, 5 миллион даромад кўради.

«Яхши пул топаман. Битта матн ёзиб беришим 2 миллион сўмдан бошланади. Узоғи 3 миллион сўм бўлади. Агар қўшиқнинг тўлиқ муаллифлигини олсам 5 миллион сўмдан бошланади. Ҳар доим бир хил нархда юраман. Санжай акага сотганман. Уммондаги Шоҳруҳга ёзиб берганман. Блогерлардан эса Тимур Алихонов, Аbu vinesʼга ёзиб берганман. Ҳозир даромадим матн ёзиб беришдан иборат, шунингдек, рекламалардан ҳам пул келади. Кўпроқ ашула чиқарсам кўпроқ пул келади», — дейди у.

Маълумот учун Конста, яъни Шарифжон Абдуллаев 1992 йил Гулистон шаҳрида туғилган. 1999 йıл «Қувонч боғча» мактаб мажмуасига қабул қилиниб 2008 йил битирган. Кейинги ўқишини Тошкентда давом эттирган. Айнан шу коллеж даврида дўсти «Shady Man» Қубонали Мамадализода таклифи билан биринчи бор трек ёзишган. Шундан сўнг 2011 йилгача у трек ёзиш масаласига жиддий қарамаган. Конста 2012 йил Москвага кетади. Узоқ ўйланишлар ва изланишлардан сўнг Конста образи яратилади. Констанинг биринчи треклари 2012 йил баҳорда тармоқда пайдо бўлган. Ҳозирги кунга келиб унинг 100 дан ортиқ треки мавжуд.